20 июль куни Наманган вилоятининг Поп туманига ўпирилиб келган сел бир нечта машиналарни оқизиб кетган.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган суратларга кўра, кучли сув тошқини оқибатида туманнинг “Имомота” МФЙ ҳудудидан ўтган сойдан Tracker, Gentra, Labo ва Nexia машиналари оқиб келган. Айни вақтда ФВБ ходимлари томонидан автомобилларини сувдан чиқариш ишлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Наманган вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси кучли ёмғир ва сел келиши муносабати билан аҳолини огоҳлантирганди.

Маълумот учун, 20 июль куни Ўзбекистоннинг Наманган, Андижон ва Фарғона вилоятининг турли туманларида кучли ёмғир ёғди. Бу сафар сел кўчаларга тошди, машиналарни оқизиб юборди ва уйларни ичигача кириб борган.

Шунингдек, кучли ёмғир Наманган шаҳар ҳудудидан ўтган 4Р-117 “Тўрақўрғон-Наманган-Чортоқ” автомобиль йўлининг 15-километрида жойлашган кўприкка ва шунингдек, 4Р-112 “Фарғона халқа йўли” автомобиль йўлининг 73-километрида жойлашган “Ташлама” кўпригига зарар етказган. Ҳозирда кўприкларда созлаш ишлари олиб борилиши муносабати билан ҳаракат қисман (бир томонлама ташкил этилган) чекланган.

13 июль куни эса Косонсой туманида содир бўлган сел оқибатларида 9 нафар фуқаро бевақт ҳалок бўлган. Шундан сўнг Косонсой туманидаги ўтган барча сой соҳилларидан ноқонуний қурилган бино ва қурилмалар буздирилиши маълум қилинган.

“ЎзГидромет” хизмати 21 июль, чоршанба куни кузатиладиган об-ҳаво маълумотида Тошкент шаҳрида ёғингарчилик кузатилмаслигини маълум қилди. Бироқ баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши, баъзи жойларда кучли бўлиши мумкинлиги ҳақида хабар берган.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *