Ўзбекистонлик талаба Токио Олимпиадаси очилиш маросими ўтказиладиган стадионда япониялик қизни зўрлаганликда гумон қилинмоқда. Бу ҳақда The Japan Times нашри хабар берди.

Маълум қилинишича, 30 ёшли Ўзбекистон фуқароси Токио—2020 Олимпиадаси очилиш маросими бўлиб ўтадиган “Миллий” стадионда япониялик қизга жинсий зўравонлик қилганликда гумон қилинмоқда.

Полиция берган маълумотларга кўра, 16 июль куни талаба Д. Р. 20 ёш атрофидаги қизга зўравонлик ишлатгани ҳақида ариза келиб тушган.

Маҳаллий ОАВга кўра, гумонланувчи қиз билан воқеа рўй берган куни танишган ва очилиш маросими репетициясидан сўнг унга тажовуз қилган. Уларнинг иккиси ҳам тайёргарлик жараёнига жалб қилинган кўнгилли ишчилар бўлган.

NHK телеканалининг хабар қилишича, гумонланувчи айбловларни рад этмоқда ва қиз унинг ҳаракатларига қаршилик қилмаганини таъкидлаган.

Аввалроқ айрим хорижий ОАВда Ўзбекистон делегацияси аъзоси япониялик қизга тажовуз қилгани ҳақидаги хабарлар янгради. Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси ушбу янгиликлар юзасидан баёнот берди.

“Бўлиб ўтган воқеликка Ўзбекистон Олимпия жамоасининг ҳеч қандай алоқаси йўқ. Japantimes.co.jp нашри берган маълумотга кўра, воқеа Токио шаҳрида бўлиб турган Ўзбекистон фуқароси Д.Р. билан содир бўлган. Kyodo news эса Д.Р. ва у қизнинг биргаликда Токиодаги “Олимпия” стадионида волонтёр бўлиб ишлагани ҳақида ёзмоқда.

Ҳозир МОҚ Тезкор штабининг 5 нафар вакили Токиодаги Олимпия шаҳарчасида бўлиб турибди. Уларнинг вазифаси асосий делегация келгунига қадар ташкилий масалаларни ҳал этиб туришдир. Ташкилий қўмитанинг талабларига кўра, Олимпия шаҳарчасидаги шахсларнинг ҳудуддан чиқиб кетиши мумкин эмас ва у жой кучли назорат остида.

Шундай экан, юқоридаги воқеликка Ўзбекистон Олимпия делегациясининг ҳеч қандай алоқаси йўқ. Шу ўринда юртимизнинг барча ОАВ, блогер ва журналистларидан бу каби асоссиз мақолаларга ишонмасликларини сўраб қоламиз”, дейилади Миллий олимпия қўмитаси баёнотида.

Маълумот учун, Токиодаги Олимпия ўйинлари 23 июль куни старт олади ва 8 августга қадар давом этади.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *