Самарқанд вилоятининг Пастдарғом туманида тиббиёт ходимларига тажовуз қилган фуқарога қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилди. Бу ҳақида Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати маълумот берди.

Аниқланишича, жорий йилнинг 15 июль куни соат таҳминан 22:30 да Самарқанд вилояти Пастдарғом тумани «Зарбдор» оилавий шифокорлик пунктида жойлашган тез тиббий ёрдам бўлимига туманнинг «Қўшқудуқ» маҳалласида яшовчи фуқаро Х.М. маст ҳолда келади ва 22 ёшли ўғли М.Ж. бетоб эканлигини айтиб, шу куни ўз навбатчилигини ўтаётган шифокор Т.Ф. ва фельдшер Н.И.лардан тезда унинг яшаш манзилига боришни айтади. Бироқ бемор манзилига отланган тиббиёт ходимлари биринчи ёрдам қутисини олишга улгурмасдан телефон орқали бошқа бир манзилдан чақирув бўлади.

Навбатчи фельдшер Н.И. телефон орқали чақирувни расмийлаштириш вақтида фуқаро Х.М. бетоқатлик билан фельдшер Н.Ини ҳақоратлаб, унга қўл кўтаради. Сўнг калтакланган фельдшерни иш жойида қолдириб, шифокор Т.Ф.ни машинасига ўтиришга мажбурлайди. Яшаш манзилига боргач, ҳуморидан чиқмаган фуқаро арзимаган баҳоналар билан шифокорни ҳам ҳақорат қила бошлайди. Бунга ҳам қаноат қилмаган «муштумзўр» тез тиббий ёрдам бўлими шифокори Т.Ф.ни хизмат вазифасини ўтаётган вақтда аёвсиз калтаклайди.

Шундан сўнг шифокор Т.Ф. зудлик билан Пастдарғом туман тиббиёт бирлашмасининг травматология бўлимига олиб келинган.

Тиббий текширув давомида 1988 йилда туғилган шифокор Т.Ф.га бош мия жароҳати, жумладан, бош мия чайқалиши, пастки лаб ички юзасида уриб йиртилиши ҳамда кўкрак қафаси юмшоқ тўқмаларининг лат ейиши ташхиси қўйилган. Айни пайтда унга шифокорлар томонидан стационар шароитда зарур тиббий муолажалар кўрсатилмоқда.

Шунингдек, 1978 йилда туғилган навбатчи фельдшер Н.И.га бурун суягининг ёпиқ синиши каби жароҳатлар билан туман тиббиёт бирлашмасида тиббий ёрдам кўрсатилди.

Тиббиёт ходимларига тажовуз қилган фуқаро Х.М. га нисбатан эса қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилди ва ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан туман ҳуқуқ тартибот идоралари томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.

Маълумот ўрнида айтиш лозимки, жорий йил 1 март куни Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Жиззах филиали тез тиббий ёрдам шифокори Х.Мга хизмат вақтида фуқаро Д.О томонидан қилинган тажовуз учун 2021 йил 16 мартдаги суд ҳукмига кўра, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддасининг тегишли қисми билан 5 йил озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланган ва ҳозирда фуқаро Д.О жазо муддатини ўтамоқда.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован.