Халқ демократик партияси депутати Феруза Жўрабековнага кўра, Ўзбекистондаги энг ўғри банклардан бири бу “Агробанк”. Чунки “Агробанк” ўқитувчилар таътил пулларини нақдлаштириш жараёнида мижозларидан 1 фоизлик устама олиб қолади.

Фото: Telegram

Шунингдек, депутат Ўзбекистон фуқароларини коронавирусга қарши вакцина олишни мажбурийлаштириш тўғри эмаслиги ҳамда нима учун шифокорлар чет элга кетиб қолаётгани сабабларини тушунтирган.  Ушбу ҳолат “Агробанк” АТБ раҳбариятини беэътибор қолдирмади ва ўз жавобларини йўллашди:

“Агробанк” АТБ Effect.uz сайтида “Энг ўғри банк бу – “Агробанк”, эмлашни мажбурий қилиш тўғри йўл эмас” – депутат Феруза Жўрабековна” сарлавҳаси остида эълон қилинган мақола, шунингдек мазкур мақолада ҳавола келтирилган ХДП Ўрта Чирчиқ туман кенгаши депутати Феруза Жўрабековнанинг ўз телеграм каналида қолдирган видеохабарида айтилган гаплари юзасидан қуйидагиларни маълум қилади.

Ўзбекистон Республикаси “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги Қонуннинг 8-моддасида “Банклар молиявий операцияларни амалга ошириш билан боғлиқ қарорлар қабул қилишда мустақил” эканлиги, шунингдек мазкур Қонуннинг 62-моддасида “Кредитлар, депозитлар бўйича фоиз ставкалари, банк операцияларига оид воситачилик ҳақи миқдори банк томонидан мустақил белгиланиши” аниқ ва равшан қилиб белгилаб қўйилган.

ХДП туман Кенгаши депутати ўз видеомурожаатида банкларнинг, шу жумладан Агробанкнинг ўқитувчилар пластик карталаридан банкомат орқали пул нақдлаштиришда комиссион ҳақ олишини “ўғрилик” деб аташи, шунингдек, ўз сўзларида “банкларни чақириб тушунтириб қўйиш керак” қабилида ибораларни ишлатиши депутат ва таҳририятнинг ахборот тарқатишдаги муомала этикаси қоидаларига ва “Ахборот олиш эркинлиги ва кафолатлари тўғрисида”ги Қонунлар талабларига риоя қилмаётганликларидан далолат беради.

Шунингдек, депутат ўз видеомурожаатида “Агробанкни ўғри” деб аталган комментга “қўшиламан” деб тасдиқ ишорасини қилишининг ўзи ҳам қонунбузилиш ҳолати бўлиб, бу ҳолат алоҳида ўрганишга лойиқ. Бундан ташқари интернет-нашрнинг ушбу сарлавҳа остида мақола чиқариши ва эълон қилиши ҳам корпорациянинг ишчанлик обрўсига путур етказадиган  ғайриқонуний ҳаракат ҳисобланишини ҳам эслатиб ўтамиз.

Агробанк ХДП депутати Феруза Жўрабековна ва унинг фикрини қўллаб-қувватловчиларга, шу жумладан effect.uz таҳририятига ҳам банклар томонидан банкоматга нақд пулни санаб, саралаб қўйиш, шунингдек унга пулни инкассация хизмати орқали олиб келиш ва олиб кетиш, банкоматни сақлаш ва ишлатиш харажатлари, унинг ишлаши учун тегишли ташкилотларга тўлаб бериладиган комиссион ҳақ миқдори ва бошқа харажатлар юзасидан ҳам ўрганиш ўтказиб, сўнгра хулоса қилишларини тавсия қилади.

Юқоридаги ҳолатларни ўрганмасдан Ўз.Р. “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги, “Ахборот эркинлиги, принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги, “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги, “Ахборот олиш эркинлиги ва кафолатлари тўғрисида”ги, “Давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг очиқлиги тўғрисида”ги Қонунлар ҳамда Конституциянинг 67-моддаси талаблари бузилган холда асоссиз ва нотўғри маълумот тарқатилганлиги учун   “Оммавий  ахборот воситалари тўғрисида”ги қонуннинг 34-моддасига биноан Effect.uz таҳририятидан ўрнатилган тартибда раддия бериши сўралади!”, – дейилади “Агробанк” АТБ баёнотида.

Депутатнинг юқоридаги фикрлари аҳоли манфаатини кўзлаб гапирилганлиги инобатга олиниб, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, оддий халқ дардини ўрганиш, муаммоларни дадил кўтариб чиқишни мақсад қилган  расмий ОАВ Effect.uz’да ҳам эълон қилинди. Сабаби, юқоридаги сўзларни айтган   Феруза Жўрабековна ваколатли шахс яъни, депутат. Табиийки, депутатларнинг ҳар бир фикри шов-шувлими, оддийми, аҳолига таъсир қилиш қудратига эга. Ҳамда улар ўз ўрнида муаммоларни кўтариб чиқиш ҳуқуқини олишган. Шу боисдан, депутат омманинг одами ва амалдаги қонунларга кўра, халқ сайлаган инсон. Хўш, савол: Нима учун Президент, вазир ёки ҳокимларнинг сўзлари оммага етказиладию, депутатники қолиб кетиши керак? Биз умуман тушунмаяпмиз, бу ҳолатни “Агробанк” АТБ томонидан Ўзбекистондаги сўз эркинлиги, шунингдек очиқлик сиёсатига тўсқинлик дея қабул қилайликми, шунда?!

“Агробанк” АТБ қўйган талабларга депутат Феруза Жўрабековнанинг ўзи ҳам эътироз билдирган. Жумладан ўзининг Telegram каналида:

“Нега раддия беришим керак?

“Агробанк” мендан раддия сўрабди. Яна қайсидир комментга “лайк” босганим учун ҳам айбдормишман. Нимаям дердим, мен ундан баттарроқ постлар ва фикрларга ҳам лайк босганман, анаққиса.

Шу ўринда жиндек ҳақиқатга юзланамиз. Ўзбекистон Республикаси “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги Қонуннинг 8-моддасида “Банклар молиявий операцияларни амалга ошириш билан боғлиқ қарорлар қабул қилишда мустақил” эканлиги, шунингдек мазкур Қонуннинг 62-моддасида “Кредитлар, депозитлар бўйича фоиз ставкалари, банк операцияларига оид воситачилик ҳақи миқдори банк томонидан мустақил белгиланиши” қайд этилган.

Агробанк томонидан мижозларнинг пластик карточкалардаги пул маблағларини банкка келиб нақдлаштириб бериши сўралганда банкоматга йўналтирилса ёки 1 % (бир) фоиз хизмат ҳақи олиниши ҳам хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш ҳисобланади. Ўзбекистондаги бошқа банклар мисолида, масалан Алоқа банк ўз мижозлари учун пластик карточкаларидаги пул маблағларини ҳеч қанақа фоизсиз чекланмаган миқдорда ечиб беради.

Европа ва Америка давлатларида ҳамда ривожланган ва ривожланаётган мамлакатлардаги банкларда пластик карточкасидаги пул маблағларини ўз миллий валютасига нақдлаштиришда хизматлар фоизсиз амалга оширилади. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 189-моддасида савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш қайд этилган. Унга кўра, товарлар савдоси ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини жуда кўп миқдордаги қийматда бузиш — базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз бараваридан олти юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

Биринчи марта жиноят содир этган шахс, агар у жиноят аниқланган кундан эътиборан ўттиз кунлик муддатда савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидалари бузилишининг оқибатларини бартараф этган ва етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаган бўлса, жавобгарликдан озод этилади. Шунга кўра бугунги кунда ушбу моддага ҳам ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш керак, деб ҳисоблайман.

Сабаби, банклар ҳам тижоратчи юридик шахс ҳисобланади ва уларни ҳеч бўлмаса пул маблағларини нақдлаштиришда фоизсиз амалга ошириш лозимлиги ҳамда фоиз олган ҳолда нақдлаштирса, жавобгарлик белгилаш тартибини киритиш лозим. Пластик карточкалардаги пул маблағларини нақд пул қилиб олиш ҳам хизмат кўрсатиш ҳисобланади. Жиноят кодексимиздаги ушбу норма нега энди тижоратчи банкларга тааллуқли бўлмаслиги керак? Бошқа тижоратчи юридик шахсларга тегишлику…

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 18-моддасида Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шаxси ва ижтимоий мавқеидан қатъий назар, қонун олдида тенгдирлар. Имтиёзлар фақат қонун билан белгиланиб қўйилади ҳамда ижтимоий адолат принципларига мос бўлиши шарт.

Конституциямизнинг ушбу моддасидан келиб чиққан ҳолда барча учун, яъни Ўзбекистон Республикасидаги жисмоний ва юридик шахслар учун ҳам қонун бир хил ва тўғри талқин қилиниши лозим. Шунингдек, Асосий қомусимизнинг 14-моддасида давлат ўз фаолиятини инсон ва жамият фаровонлигини кўзлаб, ижтимоий адолат ва қонунийлик принциплари асосида амалга ошириши белгиланган. Биз Конституциямизни ушбу нормасидан келиб чиқиб халқимиз яхши ва фаровон яшаши учун банкларда пул маблағларини нақдлаштиришда ва банкоматлардан нақд пул ечиб олишда олинадиган 1 фоизни ҳам олиб ташлашимиз керак. Негаки бу ПҚ-2777 -сонли қарорга зиддир.

Фоиз олаётган банкларни жавобгарликка тортиш нормасини  қонунчилигимизга киритиш лозим, бу Агробанк томонидан амалга оширилаётган ишлардан келиб чиққан ҳолда ёзилмоқда!!! Мен бу масалада фуқаро ва депутат сифатида ўз фикримни эркин баён қилаяпман. Бунга 100% ҳуқуқим ҳам бор, деб ҳисоблайман. Агробанк мутасаддиларига айтар сўзим: шуни унутмангки, сиз аслида ўқитувчилар билан тортишаяпсиз, устозларга озгина ёрдам бериш, дилини оғринтирмаслик имконияти борлигини ўйлаб ҳам кўрмаяпсиз”, – дея ёзиб қолдирган.

Effect.uz таҳририяти агар ҳақиқатан ҳам, депутат қонунни бузган бўлса, “Агробанк” АТБга муаммони депутатнинг ўзи билан ҳал қилиши кераклигини маълум қилади. Шунингдек, юқоридаги сўзларни ваколатли шахс айтганлигини инобатга олиб, асоссиз ва нотўғри маълумот тарқатганлигини қатъиян рад этади!

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *