Аввалроқ сузиш бўйича Токио-2020 Олимпиадаси учун саралаш баҳсларида Ўзбекистон ўзида ўтган мусобақада ҳийла-найранг ишлатганини исботлаб берган ҳиндистонлик Ликит Селвараш Према энг шов-шувли воқеалардан бирига сабабчи бўлгани ҳақида хабар берилган эди. Шу сабабдан Ўзбекистон сузиш федерацияси бош котиби Алишер Ғаниев вақтинча лавозимидан четлатилди. Бу ҳақида Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати баёнотида таъкидланади.

“Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси фаолияти давомида доимо Олимпизмнинг эзгу ғоялари ва спортдаги ҳалол рақобатни тарғиб қилиб келган. Барча миллий федерацияларни ҳамиша анти-допинг ва бошқа қоидаларга қатъий риоя этишга, халқаро мусобақаларни ўтказишда ўрнатилган тартибларга бўйсунишга ва уларни ҳурмат қилишга чақирган.

Турли интернет нашрларида Ўзбекистон Республикаси Туризм ва спорт вазирлигининг тақвим режасидан ўрин олган бўлиб, Халқаро сузиш федерацияси (FINA) шафелигида ўтказилган сузиш бўйича лицензион Ўзбекистон очиқ чемпионатида юз берган вазият катта муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси ушбу ҳолатга ўз позициясини қуйидагича билдириб ўтади:

Ўзбекистон сузиш федерациясининг хабар беришича, мусобақа якунланганидан кейин 2021 йилнинг 21 апрель санасида унда иштирок этган ҳиндистонлик спортчи Ликит Селвараш Према турнир давомида ноҳақликка йўл қўйилгани, маҳаллий спортчиларнинг вақтлари нотўғри кўрсатилгани ҳақидаги видеомурожаатини “YouTube” ижтимоий тармоғига жойлайди.

 

Қайд этиш жоиз, лицензион Ўзбекистон очиқ чемпионатларига Миллий Олимпия қўмитаси раҳбарияти доимий ташриф буюриб турган, ўз навбатида, МОҚ Тезкор штаб вакили Мирсардор Алимов ҳам мусобақани мунтазам кузатиб борган.

Мусобақадан сўнг шу ернинг ўзида кичик йиғилиш ташкил этиб, тайёргарлик жараёнини янада кучайтириш, машғулотлар сифатини ошириш бўйича мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берилган.

Турнирлар якунлангач, Ўзбекистон сузиш федерацияси мусобақалар протоколини МОҚга тақдим қилган ва унда 5 нафар атлетимизнинг Токио-2020 нормативини бажаргани кўрсатиб ўтилган. Тақдим этилган протоколларда белгиланган қоидаларнинг бузилиши, шу жумладан, кейинчалик ҳиндистонлик сузувчи томонидан қайд этилган воқеа ҳақида маълум қилинмаган.

Шунингдек, бирор хорижий делегация томонидан, жумладан, Ҳиндистон жамоаси томонидан мазкур лицензион турнирлар бўйича шикоят ёки эътироз келиб тушмаган.

Шу билан бирга, Ўзбекистон сузиш федерациясининг маълумотига кўра, FINA ушбу турнирларда қайд этилган натижаларни тан олмади. Ўзбекистон сузиш федерацияси бош котиби Алишер Ғаниевнинг сўзларига кўра, FINA бу бўйича Тошкентга расмий хат жўнатмаган. Бироқ Ўзбекистон сузиш федерацияси бир неча бор FINAга тақдим этилган маълумотларга аниқлик киритиш учун хабар йўллаган ва ҳатто бу масала бўйича Спорт арбитраж судига (CAS) мурожаат қилган.

Якунда эса халқаро ташкилот йўллаган “Universal Place” асосида фақатгина 2 нафар ҳамюртимиз Хуршиджон Турсунов ва Наталья Критинина Токио-2020 Олимпия ўйинларига йўлланма олади.

Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси, шунингдек, Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгаши расмий равишда ушбу ҳолат ҳеч қандай спорт тамойилларига мос келмаслигини ва Олимпизм қадриятларига мутлақо зид эканлигини маълум қилади. Ўз ўрнида, бошқа федерациялар ва спорт ташкилотларидан ҳам белгиланган қоидаларга қатъий риоя қилишни сўрайди.

Шундан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон сузиш федерацияси Президиумидан қуйидагиларни талаб қилади:

Юқоридаги вазиятни кўриб чиқиш, ўрганиш ҳамда унга ҳуқуқий баҳо бериш учун Туризм ва спорт вазирлиги, Миллий Олимпия қўмитаси, Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгаши ва Ўзбекистон сузиш федерацияси мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳ тузиш;

Халқаро сузиш федерациясидан (FINA) лицензион мусобақада қайд этилган натижаларнинг нима сабабдан бекор қилингани ҳақидаги материалларни тақдим қилишини сўраш;

Федерация бош котиби Алишер Ғаниевни вақтинча ўз лавозимидан четлатилишини”, дейилган МОҚ хабарида.

Эслатиб ўтамиз, куни кеча Россиянинг “Спорт-Экспресс” нашри ўзбекистонлик спортчилар Олимпиада арафасида энг шов-шувли воқеалардан бирига айланганини ёзган эди. Ушбу воқеа бўйича Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати раҳбари Зафар Имомхўжаев тегишли баёнот берди:

“Жанжалнинг моҳияти шундан иборатки, ҳиндистонлик сузувчи айёрона схема бўйича Ўзбекистон сузиш федерацияси ўз спортчиларига ўйинларга квоталар тақдим қилгани ҳақида гапириб беради.

Тошкентда бўлиб ўтган сузиш бўйича саралаш турнирида ҳиндистонлик сузувчи таблода ғалати ҳолатларга дуч келади.

Унинг сўзларига кўра, ўзбек сузувчиларини Токиода квоталар билан таъминлаш учун вақт моҳирона тартибга солинган. Ушбу ҳолатдан кейин ҳақиқатан ҳам Халқаро сузиш федерацияси (FINA) Тошкентда бўлиб ўтган сузиш бўйича Ўзбекистон очиқ чемпионатининг натижаларини бекор қилди. Ушбу масала бўйича биз бой тажрибага эга бўлган халқаро ҳуқуқшунослар билан ҳамкорлик қиламиз.

Ҳозирча барча эътибор Олимпиадага тайёргарлик учун қаратилмоқда. Воқеалар содир бўлди ва бу воқеага ойдинлик киритиш учун, тўрт йиллик даврнинг энг муҳим мусобақаси – Токио-2020га тайёргарлик кўришда хатоликка йўл қўймаслик керак. Ўйинларда сузиш бўйича Ўзбекистон шарафини Хуршидхон Турсунов ва Наталя Критинина ҳимоя қилади”, – дейди Зафар Имомхўжаев.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *