Япониянинг сайтларида Ўзбекистон делегациясининг аъзоси япониялик қизга жинсий тажовуз қилгани хабарлар тарқалганди. Ушбу ҳолат юзасидан Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси муносабат билдирди.

Унда айтилишича, бўлиб ўтган воқеликка Ўзбекистон Олимпия жамоасининг ҳеч қандай алоқаси йўқ. “Japantimes.co.jp”нашри берган маълумотга кўра, ҳолат Токио шаҳрида бўлиб турган Ўзбекистон фуқароси Д.Р. билан содир бўлган. “Kyodo news” эса Д.Р. ва у қизнинг биргаликда Токиодаги “Олимпия” стадионида кўнгилли ходим бўлиб ишлагани ҳақида ёзмоқда.

“Ҳозир МОҚ Тезкор штабининг 5 нафар вакили Токиодаги Олимпия шаҳарчасида бўлиб турибди. Уларнинг вазифаси асосий делегация келгунига қадар ташкилий масалаларни ҳал этиб туришдир. Ташкилий қўмитанинг талабларига кўра, Олимпия шаҳарчасидаги шахсларнинг ҳудуддан чиқиб кетиши мумкин эмас ва у жой кучли назорат остида.

Шундай экан, юқоридаги воқеликка Ўзбекистон Олимпия делегациясининг ҳеч қандай алоқаси йўқ. Шу ўринда юртимизнинг барча ОАВ, блогер ва журналистларидан бу каби асоссиз мақолаларга ишонмасликларини сўраб қоламиз”, –  дейилади МОҚ томонидан.

Эслатиб ўтамиз, бугун, 19 июль куни ХХХИИ ёзги Олимпия ўйинларида иштирок этувчи Ўзбекистон делегациясининг асосий қисми чартер рейс орқали Японияга жўнаб кетади. Миллий Олимпия қўмитаси барча Оммавий ахборот воситаларини спортчилар ва уларнинг Олимпия ўйинларидаги иштирокини ўзбек халқига етказиб беришга, мусобақани кенг қамровда ёритишга чорламоқда. Ўз навбатида, МОҚ матбуот хизмати бу борада барча маълумотларни тақдим этиб бориши эслатиб ўтилди.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *