Маълумки, блогер Отабек Сатторийнинг апелляция иши Самарқанд вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан кўрилиши белгиланган эди. Кейинроқ суд иши Термиз шаҳрида ўтказилиши маълум бўлди.

Хабарингиз бор,  29 июнь  соат 11.00 дан бошлаб Сурхондарё вилояти Термиз шаҳар суди биносида судланувчи Отабек Сатторийга оид жиноят ишини апелляция инстанциясида кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни бошланди. Суд таннафус олиб, кейинги суд мажлиси 2021 йил 30 июнь куни соат 10:00 га қолдирилди. 30 июнь куни апелляция суди давом эттирилди.

Дастлаб, ОАВ ходимларига жараёнларни жонли равишда халққа етказишга рухсат берилди. Аммо суд ҳайъати орада танаффус эълон қилиб, кейинги жараёнларни жонли эфирда узатишга рухсат бермади.

Судда Отабек Сатторийга сўз берилганида у:

“Дом масаласида Исроил Ҳудойбердиев билан умуман учрашмаганман. Негаки, унинг ҳарактерини жуда яхши биламан.  Ҳатто онамни сарсон қилган. Туркияга кетганимдан кейин, пайтдан фойдаланиб, уйимизни батамом деразаларини олиб шефирларигача очиб ташлаган. 

20 киши бўлиб уйимизга боришган. Онамни қўрқитиб, келишув битимига қўл қўйдириб олган. Ҳокимнинг ҳаракатини умуман тушунмаяпман. 9 ойдан кейин менинг устимдан ёзяпти. Термиздаги 300 минг аҳолини бошқариб турган одамнинг бундай ҳаракатларидан кейин қандай қилиб уни ҳоким деб айтаман. Кўчалар асфальт қилинмаганини ёзганим унинг шаънига доғ бўлган экан!” – дея  суд раисига кўрсатма берди.

Термиз шаҳар ҳокимлиги Effect.uz’да эълон қилинган Блогер Отабек Сатторийнинг ушбу сўзлари асоссиз эканлиги бўйича баёнот берган. Жумладан:

“Термиз шаҳар ҳокимлиги 2021 йилнинг 30 июнь куни Effect.uz сайтида “Онамни қўрқитиб, келишув битимига қўл қўйдириб олган!” – Отабек Сатторий апелляция судида Термиз шаҳар ҳокими ҳақида гапирди” сарлавҳа остида эълон қилинган мақола юзасидан қуйидагиларни маълум қилади.

Мазкур ҳолат бўйича Сурхондарё вилояти Музработ туманида бўлиб ўтган ЖИБ судида масалага ойдинлик киритилган.

Ушбу жараён бўйича фуқаро Х.Исломова (Отабек сатторийнинг онаси)га келишув битими тузилишида ҳеч қандай босим ёки тазйиқ, ёҳуд қўрқитиш орқали имзо қўйдирилганлиги ҳақидаги важлар асоссиз эканлигини маълум қиламиз.

Келишув битими тарафларнинг ўзаро келишувига асосан амалдаги қонунчиликка мувофиқ тузилганлигини билдирамиз!”, – дейилади Термиз шаҳар ҳокимлиги баёнотида.

Таъкидлаш керакки, шу йилнинг 2 июль куни Термиз шаҳрида блогер Отабек Сатторийга оид иш бўйича апелляция судининг навбатдаги жараёнида Термиз шаҳар ҳокими Исроил Худойбердиев  ўз анъанасига содиқ қолган ҳолда масофавий тарзда кўрсатма берда ва Отабек Сатторийнинг адвокати Умид Давлатовнинг саволларига жавоб қайтарди.

Адвокатнинг “Отабек Сатторийга уй бериш таклифи кимдан чиққан?”, – деган саволига ўзини Президентнинг кичик вакили сифатида атаган Термиз шаҳар ҳокими блогер Отабек Сатторийнинг ҳам баъзи “шантаж”лари борлигини қўшимча қилиб, қуйидагича жавоб берган эди:

“Мендан чиққан. Отабек Сатторийнинг 11 хонали уйи бузилганидан сўнг, у баҳолангач битта бир хонали ва битта икки хонали уй ажратиб берилиши назарда тутилган эди. Отабек Сатторий томонидан менга ё икки хона, ё уч хонали уй берасан деб бу рад этилганидан кейин биз қайта келишув битими қилганмиз.  Бугунги кунда ҳам Термиз шаҳрида 471 та хонадон сотилмасдан турибди. Жуда кўп қурувчилар қийин аҳволга тушиб қолган. Биласиз, хонадон сотилмаганидан кейин банкда фоизлар ошиб кетаверади. Бунинг ечими сифатида ҳар қандай қурувчи ҳам уйининг сотилишини ўйлаб, банкдан бўлиб-бўлиб тўланса ҳам мижозни қўйиб юбормасликка интилади.

Аммо Сатторийнинг ўзи келишув битимини рад қилиб, тўловни амалга оширмасликка аҳд қилган. Қурувчи сабабини сўраб борганида, қурувчининг ўзини ҳам видеога олиб, тўполон қилиб, “шантаж” йўлига ўтганидан сўнг,  вазият мана шу даражагача етиб келган. Қиш қандай оғир келган эди.  Ўша пайтда табиийки, 15 даража совуқларда газ узилиш ҳолатлари учраб туради. Термиз шаҳрида муаммолар бўлди. Президеннт ҳам видеоселектор йиғилишини ўтказди. Отабекка шахсан ўзим тушунтирганман секин-секин бўлади ҳаммаси, 30 йилда бўлмаган ўзгаришлар бўляпти деганман. Шундан кейин ҳам бутун халқни қўзғаб, ҳокимиятга қарши қилиб, порталга юзтадан, ҳокимиятга икки юзтадан шикоятлар. Президентнинг кичкина вакилиман мен ҳам.

 

Ҳокимият вакилига нисбатан, ҳокимга нисбатан бутун шаҳар нафратини уйғотишга сабабчи бўлди. Қанча марталаб ўзига тушунтирдим. Секин-секин бўлади ҳаммаси деб. 3 йил ичида 15 минг хонадон жой билан таъминланди. Ахир, ижобий ўзгаришлар ҳам бўляпти-ку. Шахсга боғлиқ эмас-да, бу муаммолар. Қаерда муаммо йўқ? Келтира оласизми? Шаҳарни, ҳокимни қанча ёмон кўрсатгани билан ҳамма нарса қўлимда эмас-ку. Халқ кўтарилса яхшими? Блогерликнинг ҳам этикаси бўлади.  150 дан ортиқ негатив пост чиқарди.

Бутун Республикага шарманда бўлдик. Ҳар бир чиқаётган негатив постга админстрация ва биздан юқори ваколатдагиларга жавоб берамиз. Бир хил мурожаатни қайта-қайта йўллаган билан ҳеч нарса ўзгармаслигини мен кўп бора тушунтирганман. Бу бўйича, бизга ултиматум қўйиб, “шантаж” қилган видеолар ҳам жўнатилган. Уни ҳам судга тақдим қилганмиз” – дейди Термиз шаҳар ҳокими  И.Б.Худойбердиев.

Маълумот ўрнида айтиш керакки, сурхондарёлик блогерга дастлаб, Жиноят ишлари бўйича Музработ туман судининг 2021 йил 10 майдаги ҳукмига кўра, О. Сатторий Жиноят кодексининг 139-моддаси (туҳмат) 3-қисми “а”, “г” бандлари ва 165-моддаси (товламачилик) 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга Жиноят кодексининг 57-моддаси (енгилроқ жазо тайинлаш) қўллаб, 59-моддаси (бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш) ва 61-моддаси (жазоларни қўшишнинг ҳисоблаш қоидалари) га асосан тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил 6 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

2021 йил 15 июль куни эса О.Сатторийга нисбатан апелляция суд ҳукми эълон қилинди. Суд ҳукмига кўра, Маърифат маҳалласида жойлашган сотиб олинган уйлар судланувчига қайтарилди. Жиноят ишлари бўйича Музработ туман суди томонидан қабул қилинган ҳукмнинг бошқа қисмлари эса ўзгаришсиз қолдирилди. Отабек Сатторийга берилган 6 йилу 6 ой жазо муддати ўзгаришсиз қолдирилди. Жазо ўташ муддати 2021 йил 30 январь кунидан ҳисобланиши белгиланди.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован.