Бугун, 19 июль куни ўзбекистонлик собиқ ММА жангчиси Мурод Хонтўраев Тошкент вилоятининг Чорвоқ йўлидаги катта трассада тўсатдан автоҳалокатга учраб, воқеа жойида ҳалок бўлди. Бу ҳақида бир нечта расмий манбалар хабар берди. Хусусан, Тошкент вилояти ҳокимлиги, Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғининг Матбуот котиби Бобур Тўлаганов ва Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги Бош бошқармаси расмий саҳифаси шулар жумласидан.

Мурод Хонтўраевнинг дафн маросими бугун Аср намозидан кейин бўлиб ўтади. Марҳумнинг жасади шифохонадан уйига олиб кетилган.

 

Спортчи 4 июль куни 34 ёшни қаршилаган эди. Унинг туғилган кунига кўплаб машҳурлар ташриф буюрган бўлиб, Хонтўраевнинг спорт ва “кўча”да танишган яқини Отабек Умаров Мирзо Улуғбек туманида ЙТҲга учрагани ва айни вақтда даволанаётгани сабаб кела олмади. Умаров ўзининг ишонганларидан бири – Хонтўраевни масофадан табриклаш билан чекланди.

Ёдингизда бўлса Отабек Умаров 2021 йилнинг 13 февраль куни мотоциклни бошқариб кетаётиб, Тошкентнинг Мустақиллик шоҳ кўчасида, “Пушкин” метро бекати яқинида Epica русумли автомобиль билан автоҳалокатга учраган.

У шундан сўнг, Жанубий Кореяга даволаниш учун кетган эди. Умаров апрель ойида даволаниш жараёнларидан яхши ўтиб, Ўзбекистонга қайтиб келади ва яна қайта даволаниш учун Жанубий Кореяга учиб кетади.

Айни вақтда Мурод Хонтўраевнинг ўлимига оид турли хабарлар тарқалмоқда. Масалан: унинг Бўстонлиқ туманидаги “Арбат” дам олиш масканида айрим “боллар”га пистолет тираб, уларни “духи”га ўтиргизгани ва шу яқин ўртадаги дўконларнинг биридан спиртли ичимлик олиб, пулини тўламасдан чиқиб кетгани айтилмоқда.

Ушбу хабарлар расман тасдиқланмаган бўлсада, айни вақтда интернет фойдаланувчилари марҳум спортчининг бу ҳаракатларини кескин қораламоқда. Айримлар эса унинг олдида боксчи Муроджон Аҳмадалиев бўлганлиги ҳақида айтишмоқда. Буларнинг барчаси дастлабки бирламчи маълумотлар. Ҳеч қандай расмий аҳамиятга эга эмас.

Шунингдек, воқеа гувоҳларнинг айтишича, Хонтўраев бошқараётган машина камида 180-200 км/с тезликда бўлган ва ҳаракат давомида олдида бўлган “Ласетти”дан йўл сўраган.

“Ласетти” машинаси йўл беришга улгурмасдан BMW X5 унинг чап томонини сидириб, катта тезлик оқибатида йўл четига учиб чиқиб кетган. Рулда маст эканлиги айтилаётган спортчи ЙТҲ оқибатида воқеа жойида ҳалок бўлган. Тармоқда унинг жағ ва оёқ қисмларини оқ ип билан боғлаб қўйилган суратлар тарқалди.

Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги Бош бошқармаси мазкур фожиали ЙТҲ ҳақида берган маълумотида шундай дейилади:

Жорий йилнинг 19 июль куни соат 11:30 ларда, Тошкент вилояти, Бўстонлиқ тумани ҳудудидан ўтувчи 4R-12 автомобиль йўлининг 68-километрида бир йўналишда ҳаракатланиб кетаётган “Ласетти” ҳамда BMW X5 русумли автомобиллар иштирокида тўқнашув содир бўлган. Тўқнашув оқибатида BMW X5 русумли автомобиль йўлдан чиқиб кетиб ағдарилган.

Натижада, “BMW X5” русумли автомобиль ҳайдовчиси, 1987 йилда туғилган М.Х. воқеа жойида вафот этган ва ушбу автомобиль йўловчиси тан жароҳати билан шифохонага олиб кетилган. Мазкур ЙТҲ юзасидан Бўстонлиқ тумани ИИБ ҳузуридаги ТБ томонидан дастлабки суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.  Барча ҳайдовчилардан белгиланган қоидаларга риоя қилишларини сўраймиз.

Маълумот учун, “Осиё Айиғи” номи билан машҳур бўлган Мурод Хонтўраев 1987  йил 4 июлда туғилган. Аралаш яккакураш спортида ўз фаолиятини 2013 йилда бошлаган бўлиб, жами 15та жанг ўтказган. Шундан 12 тасида ғалаба қозонган, 3 та жангда мағлуб бўлган, яна бир жанг натижаси бекор қилинган.

Effect.uz жамоаси марҳумнинг оила-аъзолари, яқин ёру-биродарларига чуқур таъзия билдиради. Ўтганларнинг охиратлари обод бўлсин.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *