Олий Мажлис Қонунчилик  палатаси Спикерининг ўринбосари Улуғбек Иноятов Ўзбекистонни ривожлантириш бўйича Покистон билан ҳамкорлик муҳим эканлигини қайд этиб, бу борада ўз қарашларини ифода этган.

“Афғонистон ҳудуди орқали Марказий ва Жанубий Осиёни энг қисқа йўл билан боғлайдиган, Покистоннинг денгиз портларига чиқишни ва уларнинг инфратузилмаси самарали ишга солинишини таъминлайдиган темир йўл қуриш лойиҳаси, таъбир жоиз бўлса, «аср лойиҳаси» ҳам шулардан бири. Ёдингизда бўлса, Президентимиз Шавкат Мирзиёев парламентга мурожаатномасида «Марказий Осиёни Ҳинд океани билан боғлайдиган Транс-афғон транспорт йўлагини барпо этиш борасида дастлабки амалий қадамлар» ташлангани ҳақида айтганди. Бўлажак темирйўлдан йўловчи ва юк ташиш мақсадларида фойдаланилади.

Халқаро экспертларнинг хулосасига кўра, инфратузилмани яхшилаш, мослашувчан тарифлар қўллаш ва янги истиқболли йўналишларни шакллантириш ҳисобидан, Ўзбекистонда транзит салоҳиятини ҳозирги 7 миллиондан 16 миллион тоннага етказиш имкониятимиз мавжуд.

Ўзбекистоннинг океанга тўғридан-тўғри чиқишга имкони йўқ ва дунёда бундай давлатлар сони 44 тани ташкил қилади. Аммо уларнинг 42 таси бир мамлакат чегарасидан ўтса кейингиси океан. Ўзбекистон эса бунинг учун икки мамлакат ҳудудини босиб ўтиши лозим. Океанга чиқиш учун эса энг яқин йўл бу Афғонистон орқалидир. Шу маънода, бугунги кунда яқин қўшнимиз билан ҳар томонлама алоқаларни ривожлантириш, бу заминида тинчлик ва барқарорликнинг таъминланишидан Ўзбекистон тўлақонли манфаатдордир.

Океанга чиқишда Покистон портлари Ўзбекистон учун муҳим роль ўйнайди. Ўзбекистон эса Покистоннинг Ўрта Осиёдаги бизнес қилиши учун дарвоза бўлиши мумкин. Тошкент билан яхши алоқалар Покистоннинг Ўрта Осиёга экспорт ҳажмини оширишга хизмат қилади. Жанубий Осиё географик жиҳатдан Марказий Осиёга ниҳоятда яқин. Масалан, Термиз шаҳридан Покистоннинг Карачи портигача атиги 660 километр йўл босиш кифоя. Бу ҳатто мамлакатдаги бир шаҳардан иккинчи шаҳаргача бўлган масофадан ҳам кам.

2016 йилда Ўзбекистон Афғонистон ва транспорт-коммуникация масалаларига ёндашувини кескин ўзгартирди. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан тарихда биринчи маротаба қўшни Афғонистонни имкониятлар мамлакати, дея эътироф эта бошладик!” – дея ўз сўзларини якунлаган Иноятов.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *