Россия Федерациясининг Сочи шаҳрида давом этаётган шахмат бўйича эркаклар ва аёллар ўртасидаги FIDE Жаҳон кубоги тобора қизғин тус олмоқда. Ушбу мусобақанинг умумий мукофот жамғармаси 1 892 500 долларни ташкил этади. Мусобақа ғолиби якунда 110 000 долларга эга бўлади.

Кеча бўлиб ўтган Жаҳон кубогининг 1/64 финал босқичидан ўрин олган иккинчи партия учрашувларида Ўзбекистонлик гроссмейстерлар: Жаҳонгир Воҳидов, Шамсиддин Воҳидов, Нодирбек Ёқуббоев, Жавоҳир Синдаров ва Нодирбек Абдусатторов кучли рақибларига қарши муносиб дона суришди.

Нодирбек Абдусатторов ҳиндистонлик гроссмейстер Аравиндх Читамбарамни 1,5:0,5 ҳисобида таслим этди ва учинчи даврага, яъни 1/32 финал босқичига йўл олди. Энди Абдусатторов Франциялик машҳур гроссмейстер Аниш Гири билан тўқнаш келади.

19 ёшли гроссмейстер Шамсиддин Воҳидов дунё тарихидаги иккинчи ёш гроссмейтер, 2015 йилги FIDE Жаҳон кубоги ғолиби, тезкор шахмат бўйича жаҳон чемпиони (2012 йил), блис бўйича жаҳон чемпиони (2016), 2013 ва 2019 йилларда жамоавий жаҳон чемпионатида икки бор чемпионлик тожини кийган россиялик шахматчи Сергей Карякинга ҳар икки партияда ҳам ютқазиб қўйди. Яна бир ўзбек шахматчиси Нодирбек Ёқуббоев эса чехиялик гроссмейстер Давид Наварага 0,5:1,5 ҳисобида имкониятни бой берди ва мусобақа билан хайрлашди.

Жаҳонгир Воҳидов ҳамда Жавоҳир Синдаровлар эса иккинчи партияда ҳам рақиблари билан муросага келишди. Натижада улар ҳал қилувчи тай-брекда ўз омадларини синаб кўришадиган бўлди.

Жаҳонгир Воҳидов сенсацион ғалабага эришди. У Лениер Перез Домингесни мағлуб этди ва учинчи босқичга йўл олди. Таққослаш учун: айни пайтда FIDE таснифида Жаҳонгир 2534 рейтинг очкосига эга бўлса, унинг рақиби ҳисобида 2758 рейтинг очкоси бор.

 

 

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *