Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Н.Т.Йўлдошев раҳбарлигида прокуратура, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва Мажбурий ижро бюроси ходимлари иштирокида Бош прокуратура ҳайъатининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Карантин талабларига тўла риоя қилган ҳолда видеоселектор тарзида ўтказилган ҳайъат мажлисида прокуратура органларининг мамлакатда қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилиш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида 2021 йил 1-ярмидаги фаолияти натижалари танқидий муҳокама қилинди.

Ҳайъат мажлисида Бош прокурор Н.Йўлдошев маъруза қилиб, ўтган ярим йилда прокуратура органлари томонидан амалга оширилган ишлар ва йўл қўйилган хато-камчиликларга бирма-бир тўхталиб ўтди.

Қайд этилганидек, мамлакатда қонунийликни таъминлаш мақсадида 70 мингдан ортиқ прокурор назорати ҳужжатлари қўлланилиб, 208 минг фуқаронинг бузилган ҳуқуқлари тикланган. Прокурор текширишлари ва дастлабки тергов давомида айбдор шахслардан қарийб 720 млрд сўмлик зарар ундирилиши таъминланган.

Прокурорларнинг меҳнатлари билан секторлардаги 143 мингта эҳтиёжманд оилага ҳар томонлама кўмак берилди, 145 минг нафар ишсиз фуқаронинг бандлиги таъминланган. Қисқа муддатда муҳтож оилаларнинг қарийб 142 мингтаси ёки 94 фоизи маҳаллий Кенгашлар қарорлари асосида эҳтиёжмандлар рўйхатидан ҳам чиқарилган.

Тадбиркорликни жадал ривожлантириш, инвестицияларни жалб этиш, экспорт ҳажмини ошириш каби иқтисодиётнинг долзарб йўналишларда тизимли тадбирлар амалга оширилиб, 9.737 нафар тадбиркорнинг бузилган ҳуқуқлари тикланиб, 18.676 нафарига муаммоларини бартараф этишда амалий ёрдам кўрсатилган.

Айрим ҳудудий прокуратура органлари томонидан ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятларни фош этиш ишларига етарли эътибор берилмаётгани кескин танқид остига олинди. Сўз юритилганидек, ўтган 6 ойида 140 мингдан ортиқ фуқаронинг мурожаати бевосита прокуратурада ҳал этилди, 23 мингга яқин шахснинг бузилган ҳуқуқлари тикланган.

Ўтган даврда прокуратура ходимлари 75.562 та тарғибот тадбирларини ташкил этган, шундан 21.858 таси оммавий ахборот воситалари орқали амалга оширилган. Прокурор назоратини амалга оширишда аниқланган тизимли муаммоларни бартараф этиш мақсадида 32 та қонун ҳужжатлари лойиҳалари ишлаб чиқилиб, белгиланган тартибда киритилган.

Ҳайъатда кўрилган масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *