2016 йил бошида Россия президенти Владимир Путин АҚШ президентлик сайловларида Дональд Трампни қўллаб-қувватлашга қаратилган айғоқчилар операциясига шахсан ўзи рухсат берган. Бу ҳақда “23.5° бурчак остида” Telegram канали Британиянинг “The Guardian” нашрига таяниб хабар бермоқда.

Маълум бўлишича, нашр бу ҳақда Кремльдан ошкор қилинган ҳужжатлардан билиб олган.  2016 йил 22 январь куни ушбу масала бўйича Кремльда муҳим учрашув, Россия Федерацияси Хавфсизлик Кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда Путиннинг ўзи, юқори мартабали вазирлар ва Россия махсус хизмати  раҳбарлари иштирок этган. Расмий маълумотларга кўра, Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзолари йиғилиши ҳақиқатан ҳам ўша куни бўлиб ўтган, аммо Кремльнинг сўзларига кўра, учрашувда Россиянинг ички кун тартиби, Молдова ва жаҳон бозори муҳокама қилинган.

Йиғилиш қатнашчилари Россия Федерацияси Президенти экспертлари АҚШнинг Москвага қарши санкцияларига жавобан  тайёрлаган ҳисоботни кўриб чиқди.

Ҳужжатда Дональд Трамп АҚШ президентлиги учун “асосий ва энг истиқболли номзод” бўлиб, у ўз номзодини тарғиб қилиш учун сайловларда зудлик билан барча воситалар орқали қўллаб-қувватланиши кераклиги айтилган.

Бу Россиянинг стратегик мақсадларини таъминлаш учун АҚШда ижтимоий беқарорлик яратиш ва АҚШ президентининг музокаралардаги позициясини заифлаштириш учун зарур эканлиги ҳужжатда қайд этилган.

Ҳисобот муаллифлари Трампга “аслида консерватив қарашларига содиқ қолган, руҳий жиҳатдан беқарор, импульсив, мувозанатсиз шахс“, — деб таъриф берган.

Guardian’да қайд этилишича, ушбу ҳужжат билвосита Кремльда Трампга нисбатан компроматлар бўлиши мумкинлигини тасдиқлайди. Хабарда Трампнинг Россия Федерарация ҳудудида эканлигида содир бўлган баъзи воқеалар ҳақида ёзилган. Қандай воқеалар муҳокама қилинаётгани аниқ эмас: уларнинг тавсифи ҳужжат қўшимчасида, журналистларда уни кўриш имкони йўқ.

Учрашувдан сўнг Владимир Путин ва разведка раҳбарлари АҚШ сайловларига аралашиш режасини тайёрлаган“, – деб маълум қилади The Guardian.

Учрашувдан сўнг Россия президенти тез орада АҚШга қарши чоралар кўриши керак бўлган комиссия тузиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Газетанинг таъкидлашича, Ғарб разведка идоралари ушбу ҳужжатлар тўғрисида билган ва уларни синчковлик билан ўрганган. Комиссия раҳбари, ГРУ (Россия ҳарбий разведкаси) учун масъул бўлган мудофаа вазири — Сергей Шойгу эди.

Шойгуга бўлинмалар ва хизматларнинг ишларини мувофиқлаштириш, маълумотларни тўплаш ва тизимлаштириш, шунингдек, “объектнинг ахборот муҳитига таъсир ўтказиш чораларини” тайёрлаш ҳақида буйруқ берилди (эҳтимол, кибер ҳужумларнинг мақсадлари ҳақида гап боради).

Чет эл разведка хизмати комиссия учун қўшимча маълумот тўплаши керак эди ва ФСБ қарши разведка билан шуғулланиши керак эди.

Агентликларга қарийб бир ҳафта ичида, 2016 йил 1 февралга қадар аралашиш бўйича аниқ таклифларни тайёрлаш бўйича кўрсатма берилди.

Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков “The Guardian” нашрини шарҳлар экан, нашрнинг баёнотларини “хаёлотнинг ажойиб ҳикояси” деб атади. Журналистлар бу борада Дональд Трампнинг изоҳини ололмадилар.

АҚШ ҳукумати илгари Россиянинг 2016 йилги президентлик сайловларига аралашувини текширган. Ишни бошқарган махсус прокурор Роберт Мюллер хулосасига кўра, Россия сайловларга аралашган, аммо Дональд Трамп ва унинг штаб-квартираси билан тил бириктирмаган. Россия расмийлари ҳар доим бу айбловни рад этиб келишган.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *