17 июль, шанба куни Марказий сайлов комиссиясида Бельгиядаги элчихона мурожаати асосида «Diplomatic World» журнали ижрочи директори Б.Дитрих ва «Diplomatic World Institute» маркази менежери А.Туркстра иштирокида учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон марказий сайлов комиссияси ахборот хизмати Effect.uzга хабар берди.

Фото: Марказий сайлов комиссияси ахборот хизмати

Хабарга кўра, учрашувда Марказий сайлов комиссияси раиси ўринбосари Б.Кучкаров, Марказий сайлов комиссиясининг доимий асосда ишловчи аъзоси Г.Рахимова, МСК Халқаро ҳамкорлик бўлими бошлиғи Б.Исмоилов ҳамда Ўзбекистоннинг Бельгиядаги элчихона маслаҳатчиси Р.Маматовлар иштирок этган. Таъкидланишича, Ўзбекистоннинг Бельгиядаги элчихонаси «Diplomatic World» раҳбарияти билан 2021 йилнинг сентябрь ойида журналнинг Республика Мустақиллигининг 30 йиллигига бағишланган махсус сонини нашр қилиш бўйича келишувга эришган.

Шундан келиб чиқиб, журнал вакиллари 2021 йилда бўлиб ўтадиган Президент сайлови арафасида Ўзбекистон сайлов қонунчилиги ва амалиёти ҳақида мақола чоп этишни ҳам мақсад қилган. Шунингдек, учрашувда Сайлов кодекси халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган принциплари ҳамда меъёрларига мувофиқ шакллангани ва халқаро сайлов стандартларига мос келиши қайд этиб ўтилган.

“Сайловларга тайёргарлик давомида оммавий ахборот воситалари учун сайловни ёритиш, унда аёллар, ёшлар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг иштирокини таъминлаш, сайлов комиссиялари ходимларини ўқитишга қаратилган тренингларни ташкил этиш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва сайловлар бўйича тажриба алмашиш мақсадида олиб борилаётган ишлар хусусида ҳам сўз борди”, дейилади хабарда.

Маълумот ўрнида, «Diplomatic World» халқаро журнали сиёсат, дипломатия, бизнес, молия, санъат ва маданият соҳаларини кенг ёритиб келмоқда. Журнал Европанинг парламент аъзолари, Европа Иттифоқи раҳбарлари, ишбилармон доиралар, дипломатик корпуслар ва Брюсселда аккредитациядан ўтган халқаро ташкилотларга тарқатилади. 2020 йилда журналнинг Ўзбекистонга бағишланган махсус сони нашр этилган бўлиб, ундан Европанинг етакчи иқтисодчи, аналитик ва ишбилармон доиралари вакилларининг мақола ва интервьюлари жой олган.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *