Департамент ҳамда ДХХ Ўзбекистоннинг учта ҳудудида, Сирдарё, Тошкент ва Фарғона вилоятларида ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилган фирибгарлар ушлади.

Маълум бўлишича, фуқаро Х.Ж. бошқа бир фуқарони Ўзбекистон Давлат Жисмоний тарбия университетига юқори лавозимда ишловчи таниши орқали ўқишга киритиб қўйиш эвазига 4 500 долларини фирибгарлик йўли билан олган вақтида Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Сирдарё вилоят бошқармаси томонидан ўтказилган тезкор тадбирда ашёвий далиллар билан ушланган.

Шунингдек, фуқаро Ф.Ё. бошқа бир фуқарони ўзининг ваколатли ташкилотларда ишловчи танишлари орқали Қозоғистон Республикасидаги олий таълим муассасасига  ўқишга киритиб, 2-курсдан Ўзбекистон Республикасидаги олийгоҳга кўчириб бериши эвазига  фуқаро Ш.Х.дан фирибгарлик йўли билан 5 минг 800 долларини олган вақтида Департамент ва ДХХнинг Тошкент вилоят бошқармалари ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда ашёвий далиллар билан ушланган.

Шу каби, , Фарғона Давлат университети талабалари Х.М. ва Ш.Т. олдиндан тил бириктириб, юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали фуқаро М.Б.ни ўқишини хориж университетидан Фарғона Давлат университетига кўчириб бериш ҳамда икки нафар фуқарони Фарғона Давлат университетининг сиртқи бўлимига ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилиб, эвазига 10 минг долларини олган вақтларида Департамент ва ДХХнинг Фарғона вилоят бошқармалари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда қўлга олинганлар.

Тезкор тадбир давом эттирилиб, Фарғона шаҳридаги «S» ўқув маркази ўқитувчиси Э.А. фуқаро М.Б.ни ўқишини хориж университетидан кўчириб бериш ҳамда икки нафар фуқарони ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилиб, эвазига талаб қилган 8000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168–моддаси (фирибгарлик) ва 28,211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Ҳурматли ота-оналар ва абитуриентлар! Бугунги кунда, Республикамизда мавжуд 141 та олий таълим муассасаларининг барчасига онлайн ҳужжат топшириш ва ўқишга кириш борасида кенг имкониятлар яратилган бўлиб, яъни ҳар бир абитуриент бир вақтнинг ўзида мос таълим йўналиши бўйича  5 тагача ОТМ ларга ҳужжат топшириши, шу билан бирга кириш имтиҳонларидан етарлича балл тўплолмаган тақдирда контракт ёки оширилган контракт тўловларини амалга ошириш орқали ҳам талаба бўлиш имконияти яратилган.

Шундай экан, олий таълим муассасаларига ҳужжат топширишда, ўқишга киришда очиқлик ва шаффофлик тамойиллари асосида ҳаракат қилишингизни, фирибгарлар тузоғидан эҳтиёт бўлишингизни сўраб қоламиз”, – дейилади хабарда.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *