Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Имрон Хон 15 июль куни расмий ташриф билан Ўзбекистонга келди.

Тошкентда эса биринчи марта Ўзбекистон ва Покистон ишбилармонлари бизнес-форуми ўтказиляпти. Сўнгги йилларда иккала мамлакат ўртасида савдо ҳажми тўрт баробарга ўсди. Қўшма корхоналар сони деярли юздан ортиққа кўпайди. Бугунги кунда Ўзбекистонда покистонлик инвесторлар томонидан ташкил этилган 163 та корхона фаолият кўрсатмоқда.

Покистон Жанубий Осиё ва жаҳоннинг йирик бозорларига чиқишда   Ўзбекистон учун муҳим кўприк вазифасини ўтайди. «Термиз – Мозори Шариф – Кобул – Пешовар» темир йўлининг қурилиши нафақат савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни ривожлантириш, балки минтақа давлатлари ўртасида ўзаро ҳамжиҳатликни кучайтиришга хизмат қилади.

Президент Шавкат Мирзиёев мамлакатлар савдо-иқтисодий соҳада ҳали ишга солинмаган катта салоҳиятга эга экани, ўзаро савдо ҳажмини 4-5 баробар кўпайтириш учун шароит борлигини таъкидлади.  16 июндан Тошкент ва Лаҳор ўртасида авиақатнов тикланди. Янги ҳаво йўналишларини йўлга қўйиш юк ташишларнинг кенгайиши ва ўзаро туризмнинг ривожланишига ҳам хизмат қилади.

Ўзбекистон ва Покистон Афғонистондаги салбий вазиятнинг авж олишига йўл қўймаслик учун биргаликдаги саъй-ҳаракатларни ишга солишга, афғонлараро тинчлик музокараларини қайта тиклашда кўмаклашишга тайёрлиги қайд этилди. Хавфсизлик соҳасида қўшма гуруҳ тузиш, унинг илк мажлисини Тошкентда ўтказиш таклифи билдирилди.

Бугунги кунда Покистонда 10 миллионга яқин нақшбандия тариқати вакиллари, шунингдек, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг кўплаб мухлислари бор. Уларнинг Бухорои шариф, Самарқанд ва Андижондаги табаррук қадамжоларга зиёрат сафарини амалга оширишлари учун барча шароитларни яратиб беришга тайёрлик билдирилди. Ўзбекистон ва Покистон етакчиларининг музокаралари бўйича оммавий ахборот воситалари вакиллари учун брифинг ўтказилди.

Музокаралар якунида Президент Шавкат Мирзиёев ва Бош вазир Имрон Хон Ўзбекистон Республикаси билан Покистон Ислом Республикаси ўртасида стратегик шериклик алоқаларини ўрнатиш тўғрисидаги Қўшма декларацияни имзоладилар. Ташриф доирасида имзоланган 8 та ҳужжат алмашилди.  Ҳукуматлараро комиссия мажлиси ҳамда Ўзбекистон – Покистон бизнес форумида 500 миллион долларликдан зиёд шартномалар имзолангани маълум қилинди.

15 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусидаги халқаро конференцияда иштирок этиш учун мамлакатимизга келган Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Ашраф Ғани билан учрашув ўтказди. Музокараларда минтақавий хавфсизлик ва барқарор тараққиётни таъминлаш соҳасидаги ҳамкорликнинг истиқболлари кўриб чиқилди. Икки мамлакат етакчилари афғон можаросини ҳарбий йўл билан ҳал қилишнинг имкони йўқлигини яна бир бор таъкидлаб, инклюзив афғонлараро музокаралар тез фурсатда қайта тикланишининг тарафдори эканликларини қайд этдилар.

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Афғонистонда барқарор тинчликка эришилишига фаол кўмаклашишга тайёрлигини тасдиқлади. Томонлар икки томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорлик изчил ривожланиб бораётганини мамнуният билан қайд этдилар. Пандемияга қарамай, жорий йилнинг беш ойи якунлари бўйича ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 50 фоизга ортди. Ўзбекистонда Афғонистон сармояси иштирокида 160 та янги корхона ташкил этилди.

Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги боғлиқликни мустаҳкамлаш баробарида Афғонистоннинг транзит салоҳиятини кенгайтиришга қаратилган қўшма транспорт ва энергетика инфратузилмаси лойиҳаларини, хусусан, “Термиз – Мозори-Шариф – Кобул – Пешовар” темир йўли ва янги “Сурхон – Пули-Хумри” электр узатиш линиясини барпо этиш лойиҳаларини  янада илгари суриш муҳим экани таъкидланди. Президентлар икки томонлама ва минтақавий ҳамкорликни янада ривожлантириш, эришилган келишувларни амалга ошириш борасида қатъий эканликларини қайд этдилар.

Тошкент шаҳрида 16 июль куни “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусида халқаро конференция ўз ишини бошлади. Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган анжуманда Афғонистон Ислом Республикаси Президенти, Покистон Ислом Республикаси Бош вазири, Марказий ва Жанубий Осиё давлатларининг ташқи ишлар вазирлари, жами 44 та мамлакат ва 30 га яқин халқаро ташкилот делегациялари, нуфузли хорижий илмий-тадқиқот ва таҳлил марказлари раҳбарлари иштирок этди.

Конференцияни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев очиб, Марказий ва Жанубий Осиё минтақалари ўртасидаги тарихий яқинлик, уни бугунги кунда ўзаро ишонч ва манфаатдорлик асосида мустаҳкамлашнинг аҳамияти ҳақида нутқ сўзлади. 2 миллиарддан зиёд одам яшаётган Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги алоқаларнинг қайта тикланиши янада муҳим ва объектив жараёнга айланиб бормоқда. ЮНЕСКО шафелигида Термиз шаҳрида Марказий ва Жанубий Осиёнинг тарихий меросига бағишланган халқаро форум ўтказиш таклиф этилди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерришнинг конференция иштирокчиларига йўллаган видеомурожаати намойиш этилди. Конференция якунлари бўйича махсус резолюция лойиҳаси тайёрланиб, кўриб чиқиш учун БМТ Бош Ассамблеясига тақдим этиладиган бўлди.

16 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Европа комиссияси вице-президенти, Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили Жозеп Боррелни қабул қилди. Кўп қиррали Ўзбекистон-ЕИ ҳамкорлигининг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Россия Федерацияси ташқи ишлар вазири Сергей Лавровни қабул қилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ҳиндистон Республикаси ташқи ишлар вазири Субраманьям Жайшанкарни қабул қилди. Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон-Ҳиндистон стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатлари олий даражадаги мунтазам мулоқотлар давомида эришилган келишувларга мувофиқ изчил ривожланиб бораётганини мамнуният билан қайд этди.

Ўзбекистон Президенти Қозоғистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – ташқи ишлар вазири Мухтор Тлеубердини қабул қилди. Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

Тошкентдаги халқаро конференция дастури доирасида Президент Шавкат Мирзиёев Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси раисининг ўринбосари, ташқи ишлар вазири Рашид Мередовни қабул қилди.

Шавкат Мирзиёев Тожикистон ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддинни қабул қилди.

Президент Шавкат Мирзиёев Қирғиз Республикаси Вазирлар Маҳкамаси раисининг ўринбосари – иқтисодиёт ва молия вазири Ақилбек Жапаровни қабул қилди. Икки томонлама ва минтақавий ҳамкорлик масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Тошкентдаги халқаро конференция доирасида Туркия ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғлини қабул қилди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрида ўтаётган халқаро конференция доирасида Саудия Арабистони ташқи ишлар вазири шаҳзода Файсал бин Фархон Ол Саудни қабул қилди. Учрашувда амалий ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари, бўлажак олий даражадаги мулоқотларнинг кун тартибини бойитиш, Ўзбекистон-Саудия муносабатларини сифат жиҳатидан янги даражага кўтариш мақсадида янги лойиҳа ва тадбирларни тайёрлаш масалалари муҳокама қилинди.

Президент Шавкат Мирзиёев Қувайт Давлатининг ташқи ишлар вазири, Вазирлар Маҳкамаси ишлари бўйича давлат вазири шайх Аҳмад Носир ал-Муҳаммад ас-Сабоҳни қабул қилди. Учрашувда амалий ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди. Икки томонлама Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилишини ўтказиш ҳамда дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги доирасида қўшма тадбирлар дастурини тайёрлашга келишиб олинди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Озарбайжон Бош вазирининг ўринбосари Шахин Мустафоев билан учрашув ўтказди.  Ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш, анъанавий яқин ва дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев АҚШ Президентининг маслаҳатчиси Элизабет Шервуд-Рэндалл бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Икки томонлама кун тартибининг долзарб жиҳатлари ва халқаро сиёсат масалалари кўриб чиқилди.

Президент Шавкат Мирзиёев БМТ Бош котиби ўринбосари, Европа иқтисодий комиссияси Ижрочи котиби Ольга Алгаеровани қабул қилди. Ўзбекистонинг глобал майдондаги нуфузи ортиб бораётгани, халқаро ҳамжамият Ўзбекистон етакчисининг, шу жумладан Марказий ва Жанубий Осиё боғлиқлигини кучайтириш бўйича ташаббусларини кенг қўллаб-қувватлаётгани таъкидланди.

Шунингдек Ўзбекистон Президенти Бангладеш Халқ Республикаси ташқи ишлар вазири Абул Калом Абдул Мўминни қабул қилди. Икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш ва минтақа кун тартибидаги масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Шундай қилиб, Ўзбекистон пойтахтидаги икки кунлик қизғин учрашувлар, музокаралар ўз ниҳоясига етди!

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг матбуот хизмати фотолари ва маълумотлари асосида Аброр Поёнов тайёрлади

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *