Чоршанба куни Бирлашган Араб амирлигининг (БАА) турли туманларида ҳарорат 50 даража бўлишига қарамай кучли жала қуйди. Мамлакатда сунъий ёғингарчилик чақирадиган янги технология синаб кўрилмоқда, деб хабар берди амирликнинг об-ҳаво маълумотларини тарқатувчи Марказ аль-Асифа (Storm Center) портали.

“Ёмғир мамлакатнинг шимолида Хажар тоғли ҳудудидаги Хатта қишлоғида, Вади ал-Хило, Калба роуд ва Хувайлат туманларида  ёғди”, — дейилади портал берган хабарда.

Миллий метеорологик бюро эса пойтахт Абу-Дабига яқин бўлган  Ал-Айн шаҳрида ҳам ёмғир ёғиб ўтгани ҳақда маълум қилди. Бу  ерда ҳарорат 47 даражани кўрсатган. Мутахассисларнинг таъкидлашича, янги технология қўлланиши сабабли БААда ёзда ҳам  ёмғир ёғди. Одатда бу вақтда мамлакатда ёғингарчилик кузатилмайди.

Ўз навбатида, Қатар об-ҳаво бюроси ҳам келаётган шанба кунидан то чоршанба кунигача  мамлакатнинг турли ҳудудларида ёмғир ёғиши мумкинлиги ҳақида хабар тарқатди. Қатарда ёз пайтлари умуман ёмғир ёғмайди, ўтган куз, қиш ва баҳорда икки марта кучсиз ёғингарчилик бўлди, халос.

БАА ҳукумати сўнгги йилларда ёмғир чақириш техноглогиясини яратиш устида фаол иш олиб бормоқда. Масалан, шу йил баҳорда ёғингарчилик миқдорини кўпайтирадиган технология синаб кўрилди. Шу мақсадда Амирликда булутларда кимёвий қўшилмалар ишлатмасдан электр разряд ёрдамида ёмғир чақирувчи дронлар синаб кўрилди. Мазкур синовлар Дубайдаги SANAD академияси билан  Британиянинг Рединг университети олимлари ҳамкорлигида олиб борилмоқда.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *