Туркия элчихонаси томонидан Ўзбекистондан Анталья шаҳрига саёҳатга юборилган Effect.uz журналисти Рухсора Бахромзоданинг Озарбайжонлик журналист Ниҳат Гўйтуркка берган интервьюси Озарбайжоннинг «Bayraqdar.info» нашрида чоп этилди.

Фото: «Bayraqdar.info»

«Мен Озарбайжонни кўришни ва журналистлари билан алоқалар ўрнатишни хоҳлайман» сарлавҳаси остида чоп этилган хабарда Рухсора Бахромзода сўнгги 2–3 йил ичида Ўзбекистондаги ёшлар орасида журналистикага қизиқиш кучайганини айтган. Шунингдек, у Шавкат Мирзиёев Президент этиб сайланганидан сўнг, давлатнинг ушбу соҳага бўлган эътибори ортганини маълум қилган.

“Ўрта мактабни тугатган кўплаб ёшлар журналист бўлиш истагини билдирмоқда. Учрашувларда Ўзбекистон Президенти журналистларни фаол бўлишга чақиради. Бундан ташқари, давлат раҳбарининг топшириғига биноан, 2018 йилда ташкил этилган Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети бугунги кунда журналистика билан боғлиқ барча мутахассисликлар бўйича таълим беради”, деган ўз интервьюсида Effect.uz сайтининг директор ўринбосари.

Фото муалллифи: Аҳмад Тўра / расмда ўзбек ва Озарбайжон журналистлари

4 йилдан бери журналист сифатида ишлаб келаётган ҳамда ҳозирда Туркиядаги Сакаря университетининг алоқа факультетида журналистика ва реклама йўналиши бўйича таҳсил олаётган Рухсора Бахромзода суҳбатда Ўзбекистон ва Озарбайжон журналистлари ўртасида яқин алоқалар ўрнатилиши кераклигини айтган.

“Туркия ва Озарбайжон маданияти ўзбек маданиятига жуда яқин. Бу табиий. Биз ҳаммамиз қардош мамлакатлармиз. Мен турк дунёсини яхши кўраман. Шунинг учун, олий маълумот олишда Туркияни танладим. Аммо менинг энг катта орзуларимдан бири Озарбайжонни кўришдир. Шу билан бирга, мамлакатларимиз журналистлари ўртасида яқин алоқалар ўрнатилиши керак деб ўйлайман”, деган Effect.uz журналисти сўзи якунида.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *