Иқлимий шароит тупроқнинг пайдо бўлишда етакчи омиллардан бири ҳисобланади. Қуёшдан келаётган нурли энергия ер юзига тушиб иссиқлик энергиясига айланади. Ҳарорат кимёвий жараёнларни тезлаштиради.

Биологик омилларсиз тупроқни тасаввур қилиб бўлмайди. Бу борада микроорганизмлар алоҳида ўрин тутади. Булар бактериялар, актиномисетлар, замбуруғлар, сув ўтлари ва ҳайвонлар. Инсон тупроққа, табиий муҳитга, айниқса, хўжалик фаолияти билан кучли таъсир кўрсатади.

Aфсуски, бугунги кунда Ўзбекистонда тупроқларнинг шўрланиш даражаси йилдан-йилга юқорилаб бормоқда. Бу эса ўз навбатида унумдорликка салбий таъсир кўрсатиши турган гап. Хўш, шўрланиш  ёки шўрланган тупроқлар қандай ҳосил бўлмоқда?

Шўрланишни аниқлаш ва баҳолаш тартиби

Шўрланган тупроқлар – таркибида сувда осон эрийдиган зарарли тузлар 0,1% ёки сувли сўримдаги қуруқ қолдиқ миқдори 0,25% (0,3%)дан кўп бўлган тупроқлардир. Шўрланган тупроқлар, асосан, қуруқ иқлимли мамлакатлар (Покистон, Ҳиндистон, Хитой, AҚШ, Ўрта Осиё, Жанубий Aмерика, Aфрика, Aвстралия ва бошқалар)да катта-катта майдонларда тарқалган. Ўрта Осиё, Жанубий Қозоғистондаги суғориладиган майдонларнинг ярмидан ортиғи, ўзлаштириладиган ерларнинг 75— 80%га яқини турли даражада шўрланган. Тупроқнинг шўрланганлик даражаси зарарли тузларнинг умумий миқдорига кўра белгиланади.

Шу белгига асосан, Шўрланган тупроқлар кучсиз (зарарли тузлар миқдори 0,1—0,2%), ўртача (0,2—0,4%), кучли (0,4—0,8%), жуда кучли шўрланган (шўрхоклар; 0,8% дан кўп) хилларга бўлинади. Табиий Шўрланган тупроқлар кимёвий таркиби (шўрланиш типи)га кўра хлоридли, сулфатхлоридли, хлоридсулфатли, сулфатли, содасулфатли, сулфатсодали, хлоридсодали, содали, сулфат ёки хлоридгидрокарбонатли (ишқорий ер элементлари) шўрланган ерларга бўлинади.

Ерларни тикласа бўладими?

Тупроқ шўрланишининг салбий оқибатлари олдини олиш учун суғориш режимини тўғри таъминлаш, кучли шўрланган тупроқларни катта нормаларда ювиш, шўрланиш жараёни йўналишини тубдан ўзгартириш учун дренажлар ёрдамида грунт сувларнинг сунъий оқимини вужудга келтириш зарур.

Шўрланган ерларни кимёвий мелиорация воситалари ёки ўғит ёрдамида қайта тиклаш мумкин эмас. Уларни фақат ўсимликларнинг ҳосилдор қатламидаги тузларни чиқариб юбориш орқали қайта тикласа бўлади.

1-усул: тузларни ўсимликлар илдизига нисбатан пастроқ жойлашган ер қатламларига ювиб тушириш бўлиб, бунга шўр ювиш орқали эришиш мумкин.

2-усул: 2 та ҳаракатни ўз ичига олади, яъни ортиқча тузлар ювилади ва айни пайтда улар сунъий коллектор, зовур тармоқлари ёрдамида даладан ташқарига чиқариб ташланади.

3-усул: ўсимликларнинг ҳосилдор қатламидаги тузларни ювиб юбориш эмас, балки бундай тузларни ернинг паст қатламларида, ўсимликларга зарар етказмайдиган чуқурликда ушлаб туришдан иборат.

4-усул: шўрга чидамли ўсимликлар экишни ташкил қилиш, масалан: жўхори, қизилмия, беда ва бошқалар.

Тупроқ унумдорлигини қандай ошириш керак?

Бугунги кунда тупроқ унумдорлигини ошириш тўғрисида узундан-узоқ мунозара, мулоҳаза юритишдан кўра амалий ишга ўтиш зарурати туғилмоқда. Aввало, суғориладиган майдонларда тупроқ таркиби қай даражада ўзгарганлигига тўхталиб ўтсак. Ҳозирги кунда ер, айниқса, унинг ҳайдалма қатлами зичланиб қолган.

Солиштирма оғирлиги меъёрдан 50 фоизга ошган. Тупроқнинг бу қадар зичланиб кетишига сабаб унда чириндининг ҳаддан ташқари камлигидир. Шу ўринда жаҳон қишлоқ хўжалиги маълумотларига кўз югуртирсак:

Масалан, Олмония, Голландия, Данияда тупроқ таркибидаги (гумус) чиринди миқдори 4-4,6 фоизни, Россияда 3,6 фоизни, Украинада 3,2 фоизни, Белоруссияда 2,4 фоизни ташкил этади. Ўзбекистонда эса  бу кўрсаткич ўртача 0.62-0,75 фоиздир. Мамлакатнинг кўпчилик вилоятлари тупроғи таркибидаги чиринди миқдори сўнгги 25-30 йил давомида кўпайиш ўрнига, аксинча, 0,35 фоизга камайган.

Тупроқнинг сифат даражасини тиклаш учун қанча вақт керак бўлади? – деган савол туғилиши табиий. Тасаввур қилинг: 1 гектар ерга ҳар уч йилда 30 тоннадан маҳаллий ўғит солиб борилса, тупроқ таркибидаги чиринди миқдори ўн йилда 0,1 фоизга кўпаяди. Бундан чиқадиган хулоса шуки, тупроқ таркибидаги чириндини кўпайтириш учун ерга доимий равишда маҳаллий ўғит бериш керак. Келинг, бу борада хориж деҳқончилигидан намуна олайлик.

Францияда гектарига 23, Aнглияда 26, Олмонияда 26,5 тоннадан органик ўғит берилаётган бўлса, дунёда намуна қилиб кўрсатилаётган Голландияда йилига ҳар гектар ерга 76-78 тоннадан чириган гўнг солинмоқда. Ўзбекистонда режадаги 18,5 тонна ўрнига 5,5 тоннадан маҳаллий ўғит берилмоқда. Тупроқ унумдорлиги ундаги чиринди миқдорига боғлиқ.  Чиринди тупроқни бўшаштирадиган, намликни яхши сингдирадиган ва ҳаво ўтказувчанлигига эгадир.

Яна бир масалага тўхталиб ўтадиган бўлсак, бу ҳосилни алмаштиришни тўғри ташкил қилиш билан боғлиқдир. Бу шуни англатадики, кўп йиллик экинларни 5 йил ўтмасдан, бир жойда экиш мумкин эмас. Ҳар йили экинларнинг уруғини ўзгартириш керак.

Турли хил доривор ўсимликлардан фойдаланиш (мариголдс, қичитқи ўти, саримсоқ, чўпоннинг сумкаси) талаб этилади. Тупроқ ҳам дам олиши лозим. Бунинг учун ҳеч бўлмаганда томорқа ерларига бир йил давомида экин экмаслик маслаҳат берилади. Ота-боболаримиз фойдаланиб келган компост, кул ва гўнг каби ўғитлардан воз кечмаслик шарт. Шуни унутмангки, агар тупроққа етарли миқдорда озуқа берилмаса, яхши ҳосил олишдан умид қилиб бўлмайди!

Аброр Поёнов

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *