Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳамда Покистон Бош вазири Имрон Хон ўртасида бўлиб ўтган музокара якунига етди ва икки давлат ўртасида стратегик шериклик алоқаларини ўрнатиш тўғрисидаги Қўшма декларация имзоланди.

Президент матбуот хизматининг маълум қилишича, ташриф доирасида имзоланган 8 та ҳужжат алмашилган. Ўзбекистон учун энг аҳамиятли томони, бу транзит ва савдо тўғрисидаги ҳамда Ишбилармон доиралар вакиллари ва сайёҳлик гуруҳлари учун виза тартибларини соддалаштириш тўғрисида ҳукуматлараро битимлар бўлди.

Шунингдек, Мудофаа вазирликлари ўртасида ҳарбий таълим соҳасида ҳамкорлик тўғрисида протокол, 2021-2026 йилларга мўлжалланган Маданий алмашув дастури, туризм масалалари бўйича англашув меморандуми, давлат чегарасидан олиб ўтилаётган товарлар ва транспорт воситалари ҳақида олдиндан ахборот алмашиш тўғрисида баённома, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети билан Покистон дипломатик хизмат академияси ўртасида англашув меморандуми, Ўзбекистон – Покистон ишбилармонлар кенгашини тузиш тўғрисида битим имзоланди.

Ташриф доирасида Ҳукуматлараро комиссия мажлиси ҳамда Ўзбекистон – Покистон бизнес форумида 500 миллион долларликдан зиёд шартномалар имзоланди.

Шундан сўнг, Ўзбекистон ва Покистон етакчиларининг музокаралари якунлари бўйича оммавий ахборот воситалари вакиллари учун брифинг ўтказилди. Президент Шавкат Мирзиёев Покистон Бош вазири Имрон Хоннинг расмий ташрифини давлатлараро муносабатлар тарихида янги саҳифа очадиган муҳим сиёсий воқеа, деб баҳолади.

Кўп қиррали алоқаларимиз охирги йилларда сифат ва мазмун жиҳатидан юқори босқичга кўтарилиб бораётгани бизни мамнун этади. Ҳозиргина якунланган тор ва кенгайтирилган доирадаги музокаралар дўстлик ва ҳамкорликни ривожлантириш йўлидаги интилишларимиз қатъий эканини исботлади.

Ўзбекистон ва Покистон ҳамкорлигининг бугунги юқори даражасидан келиб чиқиб, давлатларимиз ўртасида Стратегик шериклик тўғрисидаги қўшма декларацияни имзоладик. Бу муҳим қадам алоқаларимиз тарихида янги даврни бошлаб беради, деб ишонч билан айта оламиз”, – деди Шавкат Мирзиёев.

Бу менинг Ўзбекистонга биринчи ташрифим, иншооллоҳ, охиргиси бўлмайди. Биз жаноб Президент билан жуда кенг қамровли мулоқот қилдик. Суҳбатимиз ғоятда самимий бўлгани ва узоқ давом этганидан унинг охирига бориб мен ўзбекчани тушуна бошладим. Чунки урду тили билан ўзбек тили бир-бирига яқин.

Бугунги кунда Покистон ва Ўзбекистонда аҳолининг қуйи қатламларига эътибор қаратиш, камбағалликни қисқартириш, таълимни ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳамоҳанг. Биз савдо-иқтисодиёт, транспорт, таълим, маданият, туризм соҳаларидаги имкониятларни атрофлича муҳокама қилиб, стратегик келишувларга эришдик”, – деб таъкидлади Имрон Хон.

Ўзаро ишонч ва очиқлик, самимий ва амалий руҳда ўтган самарали музокараларда шерикликнинг янги имкониятлари кўриб чиқилиб, “ўсиш нуқталари” белгилангани қайд этилди ва сўнгги йилларда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми тўрт баробар ўсгани, келгусида ушбу рақамларни яна тўрт-беш баробарга ошириш бўйича келишиб олингани таъкидланди.

Қишлоқ хўжалиги, уруғчилик ва чорвачилик, машинасозлик ва қурилиш, фармацевтика ва кимё, енгил саноат ва бошқа устувор соҳаларда янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, ҳудудлар ўртасида тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатишга келишилди. “Термиз – Мозори Шариф – Кобул – Пешовар” темир йўли қурилиши масаласи ҳам атрофлича кўриб чиқилди.

Хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олингани айтилди. Томонлар нуфузли халқаро ва минтақавий тузилмалар доирасида бир-бирини қўллаб-қувватлашни давом эттиришини тасдиқладилар. Шунингдек, туризм ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик истиқболларига тўхталиб ўтилган.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *