Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзаков ҳамда Покистон Бош вазирининг маслаҳатчиси Абдул Раззоқ Довуд раислигида Савдо-иқтисодий ва илмий-техник ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон – Покистон ҳукуматлараро комиссиянинг 6-йиғилиши бўлиб ўтди.  Маълум бўлишича, унда икки мамлакатнинг тегишли вазирлик ва идоралари раҳбарлари ҳам иштирок этган.

Тадбир давомида Ўзбекистон – Покистон савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт ва логистика, илмий-технологик ҳамда маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлиги ва уни кенгайтириш истиқболлари, шунингдек, икки томонлама муносабатларнинг янги йўналишлари, Покистон Ислом Республикаси Бош вазирининг Ўзбекистонга расмий ташрифининг кун тартибини ташкилий-техник ва мазмун жиҳатидан бойитиш масалаларини ҳам муҳокама қилинган.

Йиғилиш давомида икки мамлакатнинг алоқадор вазирлик ва идоралар раҳбарларига келгуси йилларда қўшма лойиҳалар сонини ва савдо айланмаси ҳажмини ошириб бориш бўйича зарур чоралар кўришга  доир кўрсатмалар берилди.

Шунингдек, қишлоқ хўжалиги ва енгил саноат, фармацевтика, кимё саноати ва бошқа соҳаларда янги қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш бўйича келишувга эришилган.

“Мозори-Шариф – Кобул – Пешавор” темир йўлини қуриш лойиҳаси доирасида транспорт ва логистика соҳасидаги шерикликни мустаҳкамлаш ва амалий ҳамкорликни кучайтириш зарурлиги алоҳида таъкидланди.

Қолаверса, томонлар Покистоннинг Карачи, Гвадар ва Қосим денгиз портларининг мавжуд салоҳиятидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш йўлларини муҳокама қилган.

Транспорт ва логистика соҳасида икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш бўйича босқичма-босқич “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш бўйича қўшма ишчи гуруҳини ташкил этиш тўғрисида келишувга эришилиб, “Йўл харитаси” амалий чора-тадбирлар, ҳамкорлик механизмлари ва ҳар икки томондан вазирлик ва идораларнинг масъул раҳбарлари рўйхатини ўз ичига олади.

Ўзбекистон Республикаси ва Покистон Ислом Республикаси ўртасида туризм соҳасида, шу жумладан “зиёрат” туризми йўналишида ҳамкорликни ривожлантириш зарурлигини таъкидладилар.

Шу нуқтаи назардан, томонлар Ўзбекистон Республикаси Туризм ва спорт вазирлиги ҳамда Покистон ҳукуматининг Ҳудудлараро мувофиқлаштириш вазирлиги ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланишини олқишладилар.

Йиғилиш натижалари бўйича якуний баённома имзоланиб, унда тадбир давомида эришилган асосий келишувлар акс эттирилди ва икки давлат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада чуқурлаштиришнинг асосий йўналишлари белгилаб олинди“, – дейилади хабарда.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *