Шу йилнинг 10 май кунидан бошлаб фуқаролар орасида юриш ва югуришни кенг тарғиб қилишга қаратилган «Соғлом турмуш тарзи» (1hls.uz) платформаси тест режимида ишга туширилган бўлса, 1 июндан бошлаб расман фаолият кўрсатишни бошлади.

Таъкидлаш керак, халқ орасида платформага ҳалигача ишончсизлик билан қараётганлар ҳам йўқ эмас. «Соғлом турмуш тарзи» (1ҳлс.уз) платформаси ишламоқда ва у орқали Ўзбекистон Республикасининг 18 ёшдан ошган фуқаролари июнь ойи якунларига кўра мукофот пулларини қўлга киритишди.

Платформадан республика бўйича туманлар кесимида 203та ғолиб аниқланди. Учта туман аҳолиси умуман платформадан рўйхатдан ўтмаган ёки ундан самарали фойдаланмаган. Умумий ҳисобда платформадан 27 482 нафар одам рўйхатдан ўтган бўлиб, шундан 20 774 нафари эркаклар, 6 658 нафари эса аёллардир. Холбуки, Ўзбекистонда 18 ва ундан юқори ёшдаги фуқаролар сони 21 475 989 нафарни ташкил қилади.

2021 йилнинг июнь ойи якунларига кўра, Тошкент шаҳар Юнусобод туманида истиқомат қилувчи Тимур Рафикович Ахмадуллин ғолиб деб топилди ва 1 миллион сўм миқдоридаги пул мукофотини қўлга киритди.

Ахмадуллин нафақат Республика, балки туман ва ҳудуд кесимида ҳам ғолиб чиққанлиги боис, ўзининг электрон ҳамёнини 1 миллион 800 минг сўмдан кўпроққа бойитиб олди. Бунинг учун у июнь ойи давомида жами 890 947 қадам масофани пиёда босиб ўтишига тўғри келди.

Умумий ҳисобда июнь ойида «Соғлом турмуш тарзи» (1hls.uz) платформасининг туман, ҳудуд ва Республика босқичи ғолибларига 68 миллион 900 минг сўм миқдоридаги маблағ мукофот тарзида тўлаб берилди.

Шундан 60 900 000 сўм 203та туман босқичи ғолибларига, 7 000 000 сўм Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудлари ғолибларига ҳамда яна 1 миллион Республика миқёсида энг кўп юрган юртдошимизга мукофот тариқасида тўлаб берилди.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *