Жорий йилнинг 13 июль куни Наманган вилояти Косонсой туманига сел келиши оқибатида расман 8 киши ҳалок бўлган эди.

Ҳалок бўлганларнинг барчаси Наманган шаҳридан. Уларнинг энг каттаси 48, энг кичиги эса 6 ёш эди. Бедарак йўқолган яна бир 7 ёшли болакай айни пайтда Косонсойдаги сойдан қидирилмоқда.

Ҳозирги вақтга келиб қидирув ишлари асосан Косонсой туманидаги гидроузелда олиб борилмоқда.

Бу ерда ФВВ, Миллий гвардия, ички ишлар ходимлари ва кўнгиллилар 13 июль куни сел оқизиб кетган 7 яшар Муҳаммадюсуф Рустамовни қидирмоқда, дея хабар берган “Дарё” интернет-нашри.

14 июль куни тонгда Муҳаммадюсуф Рустамовнинг укаси 6 ёшли Абубакр Рустамов ерга қўйилди.

“13 июль куни тонгда Косонсойга оиламиз аёлларини дам олгани олиб чиққандик. Соат 11.00 лар чамасида ўғилларим — Муҳаммадюсуф ва Абубакрни ҳам ўзим билан бирга олиб бордим. Тушлик қилиб бўлганимиздан сўнг улар сойга, сув бўйига тушиб кетишди. Бироз ўтган сўнг ўша томонда қий-чув, тўполон бўлиб кетди.

Одамларни сел оқизиб кетди, дейишди. Кейин билсам, улар орасида ўғилларим ҳам бор экан. Абубакрни бугун дафн этиб келдик. Муҳаммадюсуфни қидиряпмиз, ҳали топилганича йўқ. Бу оиламиз, қариндош-уруғларимиз учун жуда катта мусибат бўлди, чунки ҳалок бўлган ва касалхоналарга мурожаат этганларнинг аксарияти бизнинг яқинларимиз”, дейди Наманган шаҳрида истиқомат қилувчи 30 ёшли ҳунарманд Азимжон Аҳмаджонов.

 

Охирги маълумотларга кўра, туманга сел ёпирилиши оқибатида жами 8 киши ҳалок бўлган. Марҳумларнинг 7 нафари аёл, бир нафари ўғил бола бўлиб, энг каттаси 48, энг кичиги эса 6 ёшда эди.

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиали мутахассисларининг маълум қилишича, селдан жабрланиб касалхоналарга жами 24 киши мурожаат қилган. Беморларнинг барчасига тегишли ёрдам кўрсатилган ва уйларига рухсат берилган.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *