Муаллифлик ҳуқуқларининг бузилиш ҳолатлари интернет тармоғида аудиовизуал асарлар ва фонограммаларни сотиш, телекўрсатувларни тарқатиш каби фаолият билан шуғилланадиган хизмат турларида ҳам кўп учрайди.

Куни кеча,  Интеллектуал мулк агентлигининг Қашқадарё вилояти интеллектуал мулк ҳимояси маркази томонидан “Sevimli” телеканали яъни “MASTER MEDIA PRODUCTION AND BROADCAST” масъулияти чекланган жамиятига лицензия шартномаси асосида тегишли бўлган аудиовизуал асарлардан ҳуқуқ эгасининг розилигисиз фойдаланилаётганлиги ҳолати юзасидан қонуний чора кўриш тўғрисидаги мурожаати ўрганиб чиқилди.

Хусусан, фуқаро А. К томонидан шартнома асосида “Sevimli” телеканалига тегишли бўлган “Чуқур”, “Истанбуллик келин”, “Ичкарида”, “Қора ният”, “Зулейҳа” каби турк сериалларини www.asil-media.net веб-саҳифасида ҳуқуқ эгасининг розилигсиз  ёки у билан шартнома тузмаган ҳолда телеканалнинг логоси туширилган аснода барчанинг эътиборига етказиш билан шуғулланиб, моддий манфаат кўриб келган.

Ваҳолангки фуқаро А. К нинг хатти-ҳаракатлари Ўзбекистон Республикаси “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги Қонун нормаларининг бузилиши ҳисобланади.

Қонуннинг 62-моддасига кўра ҳуқуқ эгаси ёки мулкий ҳуқуқларни жамоавий асосда бошқарувчи ташкилот билан шартнома тузмасдан асарлар ёки турдош ҳуқуқлар объектини такрорлаш, тарқатиш ёки ундан бошқача тарзда фойдаланиш муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқларни бузиш ҳисобланади.

Қашқадарё вилояти интеллектуал мулк ҳимояси маркази томонидан тегишли тартибда мурожаат ўрганиб чиқилди ва ҳуқуқбузарга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилди ҳамда жиноят ишлари бўйича Нишон туман суди томонидан ҳуқуқбузарга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 177-1моддаси 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилди.

Дарҳақиқат, жамиятимизда ҳуқуқ эгасининг мулкига нисбатан ҳурмат ҳиссини шакллантириш ҳамда уларнинг ҳуқуқлари поймол бўлишини олдини олиш, бу борада аҳолининг ҳуқуқий онгини ошириш ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш Интеллектуал мулк агентлигини ўз олдига қўйган асосий мақсадларидан бири ҳисобланади.

Ҳурматли фуқаролар ҳуқуқ эгасига тегишли бўлган мулкни моддий мулк каби кўриш ва уни ҳурмат қилиши ҳар биримизнинг мажбуриятимиз эканлигини унутмайлик!

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *