Учкўприк туманидаги Чўлпон қишлоғида яшовчи, «Muvozanat Plus» масъулияти чекланган жамияти раҳбари Мансур Очилов (исм-шарифлар ўзгартирилган) фирибгарлик ва ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш жиноятларини бир эмас, икки марта содир этган.

Яъни 2010-2016 йиллар мобайнида у жиноий қилмишлари учун тўрт марта судланган. Бундан ташқари Жиноят кодексининг 177-моддаси 3-қисми «а» банди, 184-моддаси 3-қисми, 25,211-моддаси 2-қисми «б» банди ва 209-моддаси 2-қисми «а» бандига биноан ҳам жиноий жавобгарликка тортилган.

Афсусланарли томони шундаки, у бу қилмишларидан тегишли хулоса чиқариш тўғрисида ўйлаб ҳам кўрмади. Унинг бешинчи марта яна жиноятга қўл уриши шундан далолат беради. Хўш, фирибгарликнинг роса ҳадисини олган бу кимса яна кимларни чув туширди?

М. Очилов Гулмира Ҳасановадан турли вақтларда 37 000 АҚШ доллари миқдорида қарз олади. Бироқ қарзни қайтаришни хаёлига келтирмайди. Шу боис Г. Ҳасанова 2017 йилнинг охирларида қарзни қайтаришни талаб қилади.

— Хабарингиз бор, Қўқонда янги савдо мажмуаси қуриляпти. Менга берган пулларингиз ҳисобидан ўша ердан 4та савдо дўкони олиб бераман, — дейди у оғиз тўлдириб.

Бу гал у берган ваъдасини қисман бўлсада, бажарди. Яъни 4та савдо дўкони учун 160 000 000 сўмни дастлабки тўлов сифатида тўлаганини тасдиқловчи чиптани Г. Ҳасанованинг қўлига тутқазди. Аммо қарзнинг 18 500 АҚШ долларини қайтаришни пайсалга солди.

Устига устак, бу фирибгар кимса Зафар Аброровни Гулмира Ҳасановага қараганда тўрт баравар кўпроқ маблағга чув туширди.

Яъни, 2018 йил январь-февраль ойларида у З. Аброровни алдаб, ишончига киргач, пластик картасидаги маблағини нақдлаштириб беришини айтади. Шу мақсадда ҳисоб рақамида 615 000 000 сўм бўлган пластик картасини олиб кетади. Зафаржонга бор йўғи 5 000 000 сўм беради, холос. Қолган 610 000 000 сўмни қайнонасининг ҳисоб рақамига ҳамда ўзига тегишли бошқа ҳисоб-рақамларга ўтказиб нақдлаштирадида, шахсий эҳтиёжларига сарфлаб юборади.

Орадан бир ой ўтгач, кутавериб тоқати тоқ бўлган Зафаржон Аброров ундан пулларини беришни талаб қилади. Шунда фирибгар уни яна лақиллатади.

— Ҳозир катта иш бошлаб қўйганман. Бироз шошмай туринг, пулингизни албатта, қайтараман, — дейди ва уни шундай аврайдики, оқибатда шундоғам пулини ололмай овора бўлиб юрган жабрланувчи яна 14 000 АҚШ долларини фирибгарнинг қўлига қандай тутқазганини ўзи ҳам билмай қолади. Бироқ М. Очилов бу қарзини ҳам қайтаргиси келмайди. Шу мақсадда турли важ-карсонлар билан ҳақдорни алдаб юраверади.

Охир-оқибат З. Аброров қатъий талаб қўяди: — Пулларимни қайтариб беринг, йўқ­са, мендан ўпкаламанг, — дейди у.

Аммо одамларни алдайвериб дийдаси қотиб кетган фирибгарга бу гаплар кор қилмайди. Фақатгина жабрланувчини тинчлантириш ва вақтни чўзиш учун унга битта «Gentra» русумли автомашинани бериб кетади. Аммо орадан 3 ой ўтгач, автомашинани яна қайтариб олади.

Орадан икки йил ўтди. Шундан сўнг Мансур Очилов яна «эски ҳунари»ни бошлаб юборди. Аниқроғи, 2020 йил январь ойида у Юнусжон Қўлдошевнинг «Nexia» русумли автомашинасини 9 300 АҚШ долларига сотиб олишга келишади ва автомашинани олиб кетади. Бундан ташқари у Ю. Қўлдошевдан автомашинани ўзининг номига расмийлаштириш учун яна 700 АҚШ доллари ҳам олади. Аммо Ю. Қўлдошев пулига ҳам, автомашинасига ҳам куйиб қолаверади.

2020 йил март ойида М. Очилов Низомжон Йўлчиевни ҳам 5 000 000 сўмга чув туширади. Бироқ бунгача олдинги жабрланувчилар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга мурожаат қилгани боис унга нисбатан жиноят иши қўзғатилади.

Тергов-суриштирув жараёнида Мансур Очиловнинг яна бир жинояти фош бўлди. Яъни у тумандаги «Muvozanat Plyus» масъулияти чекланган жамият раҳбари сифатида 2017-2018 йиллардаги фаолияти юзасидан солиқ идорасига топширган ҳисоботларида солиқ солинадиган базани 5 миллиард 279 миллион 740 минг сўмга камайтириб кўрсатган экан.

Пировардида у 324 928 600 сўм миқдоридаги солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан қасддан бўйин товлаган. Бинобарин, мазкур ҳолат юзасидан ҳам жиноят иши қўзғатилди. Айни ишни кўриб чиққан жиноят ишлари бўйича Учкўприк тумани суди айбдорга қонуний жазо тайинлади. Бунда жабрланувчиларга нисбатан етказилган зарарлар қоплангани инобатга олинди.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *