Ингичка пошнали пойабзаллар қанчалик жозибадор бўлмасин, уларни мунтазам равишда кийиш саломатлигимизга путур етказади. Ушбу мавзуни кўтаришимиздан мақсад ҳам шу: баланд пошнанинг аёл соғлиғига кўрсатадиган таъсирларидан огоҳ этиш.

Баланд пошнали оёқ кийимларни мунтазам кийиш фақатгина оёқ томирларида эмас, балки бутун организмда жиддий ўзгаришлар содир бўлишига олиб келади:

Пошнаси 3 сантиметрдан баланд бўлган пойабзаллар доимий равишда кийилганда:

• Оёқ бўғимлари шикастланади;
• Тос-сон соҳасида моддалар алмашинуви секинлашади;
• Болдир веналарининг варикоз кенгайиши бошланади;
• Бора-бора остеартроз ва остеопороз (суякнинг ғовакланиши) вужудга келади.

Пошнаси ўта баланд (масалан, 5-10 сантиметр) оёқ кийимлар мушакларни зўриқтиради, оёқни тез чарчатади. Бармоқ қисми ўта тор, умуман, тор пойабзалларда оёқлар узоқ вақт қисилади, оқибатда, дастлаб оёқ бармоқлари, сўнг оёқнинг бутун скелети зиён кўради:

• Оёқ бармоқлари шилинади, шунингдек, қийшая бошлайди;
• Оёқ бўғимлари яллиғланади;
• Тор пойабзалда қон томирлари ҳам маълум муддат қисилади. Бу эса оёқларда қон айланишини бузади, товон мушакларининг қон билан таъминланишини издан чиқаради;
• Яссиоёқлик келиб чиқиши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас;

Айниқса, балоғат ёшидаги қизлар учун баланд пошнали оёқ кийимлар ўта зарарли:

• Ўсмирларнинг мўртроқ суякларига зарар етказади;
• Тос суягининг қийшайишига олиб келади.

Юқоридаги икки ҳолат туғруқ пайтида жиддий муаммоларга сабаб бўлиши мумкин.
Тавсиялар: одатий кунларда пошнаси 3 сантиметрдан зиёд бўлган пойабзалларни киймаганингиз маъқул;
Машқлар – бўғимларнинг қайишқоқлигини орттиради. Шунинг учун турли маросиму тантаналарда баланд пошнали оёқ кийимларни кийишдан олдин ва чиқаргандан сўнг, оёқ учи бўғимлари билан турли машқлар қилинг;
Имкон қадар тоза чармдан тикилган оёқ кийимлар кийинг. Сунъий теридан тикилган пойабзал оёқларни димиқтириб, тирноқ ва тери касалликларини юзага келтиради.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *