5 июль куни, ОАВда Тошкент метроси қурилишида қарийб 900 миллион сўм маблағ “еб” юборилгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. “Ўзбекистон темир йўллари” Акциядорлик жамияти мазкур хабарларга нисбатан ўз муносабатини билдириб ўтди.

“Сўнги кунларда ижтимоий тармоқларда Тошкент ҳалқа йўли ер усти метрополитенида олиб борилган қурилиш ишларида 899 млн. сўмлик талон-торож (аслида ўғирлик) ҳолати ва бунинг юзасидан жиноий иш қўзғатилганлиги ҳақида қатор нотўғри талқиндаги хабарлар тарқалиб келмоқда.

Даставвал, ушбу ҳолатга аниқлик киритиш лозим, яъни “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ ва унинг мутасаддилари томонидан ўғирликка алоқаси йўқлигини алоҳида қайд этиш лозим.

Маълумки, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ томонидан 2019 йилда Тошкент метрополитени ер усти ҳалқа йўлининг биринчи босқичи бўлган 11 километрлик “Дўстлик-2” – “Қўйлиқ” участкасида қурилиш ишлари бошланган эди.

Ушбу лойиҳа қурилиши 2020 йилнинг март ойида тўлиқ тугатилиб, фойдаланиш учун топширилишга тайёр эди. Бироқ бутун дунёда кенг тарқалган COVID-19 касаллигининг юртимизга кириб келиши оқибатида карантин чоралари кучайтирилиши мазкур йўналишнинг очилиши номаълум вақтга қолдирилди.

Қурилишда иштирок этган барча ишчи-хизматчилар карантин чоралари юмшатилгунга қадар ўзларини изолясия қилишди. 2020 йилнинг 3 июль куни, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖга қарашли «1-сонли Энергомонтаж поезди» унитар корхонаси ходимлари Тошкент метрополитенининг ер усти «Дўстлик-2» – «Қўйлиқ» участкасини кўрикдан ўтказишганда, моддий товар (кабель маҳсулотлари)нинг ўз жойида йўқлиги аниқланган ва ушбу ҳолат бўйича зудлик билан Ички ишлар вазирлиги Транспортда хавфсизликни таъминлаш бош бошқармасининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларига ариза шаклида мурожаат қилинган (ариза илова қилинмоқда).

Дастлабки тергов натижаларига кўра умумий қиймати 899 131 590 сўмлик кабель маҳсулотлари номаълум шахслар томонидан ўғирланган. Олиб борилган тергов ҳаракати натижаларига кўра, айбдор шахслар ҳамда йўқолган моддий товар (180 962 364 сўмлик) топилиб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддаларига биноан жиноятчилар ўрнатилган тартибда жавобгарликка тортилган. Бугунги кунда етказилган 180 962 364 сўмлик зарар айбдорлардан тўлиқ ундирилган.

Айни пайтда ушбу ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Транспортда хавфсизликни таъминлаш бош бошқармаси томонидан тергов ва қидирув ишлари давом этмоқда. Ҳурматли ОАВ вакиллари ва блогерлар!

Ҳар қандай маълумот бирламчи манбадан олинаётганда, уни тўғри талқин қилишингизни сўраб қоламиз! Юқорида қайд этилган ҳолат нотўғри талқин қилиниши салбий ва ноўринли ёндашувларнинг тарқалишига сабаб бўлмоқда!” – дейилади муносабатда.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован.