Италиянинг «Женоа» клуби ҳужумчиси Элдор Шомуродов фаолиятини Туринда давом эттириши мумкин. Ўзбекистонлик форвардга «Ювентус»дан жиддий қизиқиш мавжуд. Бу ҳақида таниқли журналист Николо Скира хабар берди.

Манбанинг қўшимча қилишича, икки Италия клуби раҳбарлари агент Валерио Гиуффрида орқали учрашишган, «кекса синьора» Элдор трансфери борасида аллақачон генуяликларга илк таклифини билдириб, музокараларни бошлаб юборишган.

Эслатиб ўтамиз, «Ювентус» ўтган мавсумнинг қишки трансферлар ойнасида ҳам Шомуродовни сотиб олиши борасида миш-мишлар тарқалган эди, бироқ якунда Элдор мавсумни Генуяда тугатди.

Маълумот ўрнида айтиб ўтамиз, «Женоа» ўзбекистонлик форвардни Россиянинг «Ростов» клубидан сотиб олган эди. Ўзининг илк мавсумида футболчи «А» Серия доирасидаги 32 ўйинда иштирок этиб, 8та гол уришга муваффақ бўлди.

Transfermarkt сайти маълумотларига таянадиган бўлсак, ўзбекистонлик форварднинг «Женоа» билан шартномаси, 2024 йил 30 июнига қадар мўлжалланган. Шомуродовнинг трансфер нархи 7 миллион эврони ташкил қилади.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован.