Хабарингиз бор, 24 ва 27 июнь кунлари Тошкентда футзал бўйича Ўзбекистон миллий жамоаси жаҳон чемпионатига тайёргарлик доирасида Венесуэлага қарши икки ўртоқлик ўйинини ўтказади.

Шу муносабат билан бугун ЎФА анжуманлар залида икки жамоа бош мураббийлари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда дастлаб Венесуэла терма жамоаси бош мураббийи Фредди Мигел Гонсалес ва футзалчи Рафаел Морилё кейин эса Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Баҳодир Аҳмедовлар матбуот анжуманида журналистларнинг саволларига жавоб беришди.

“Барчага хайрли кун. Биринчи ўринда ЎФА мутасаддиларига таклиф учун раҳмат айтаман. Тошкентда кучли футзалчиларга қарши ўйнаш биз учун катта шараф. Эртага барчага қизиқарли бўлган учрашув гувоҳига айланамиз”,– дейди Фредди Мигел Гонсалес.

“Ушбу иккита ўртоқлик учрашуви бизга Жаҳон чемпионатига тайёргарлик вазифасини ўтайди. Ўйлайманки фойдали бўлади. Мухлислар учун ҳам бу ўйин қизиқарли, деб ўйлайман. Эртага кучли жамоа ғалабани қўлга киритиши тарафдориман”,- дейди Рафаел Морилё.

Ўзбекистоннинг таклифини қабул қилишингизга нима туртки бўлди?

2016 йилги Жаҳон чемпионатида Ўзбекистон менда жуда яхши таассурот қолдирганди. Шахсан ўзим уларнинг ўйинларини жойидан туриб кузатганман. Мезбон Колумбия билан жуда яхши ўйнаган, фақат сўнгги дақиқаларда омад етишмаганди. Шу боис ўйлаб ўтирмасдан бу таклифни қабул қилдим.

“Бизга кучли рақиблар топишда ёрдам бераётгани учун ЎФАга миннатдорчилик билдираман. Венесуэла — жаҳон чемпионатларида иштирок этган кучли жамоа. Чиройли ўйинлар кўрсатиб, мухлисларни хурсанд қилишга ҳаракат қиламиз.

Венесуэла услуб жиҳатидан жаҳон чемпионатида биз билан бир гуруҳдан ўрин олган Гватемала ва Мисрга ўхшаш. Шунинг учун бу жамоа билан ўйинлар бизга фойдали. Аммо Миср ва Гватемала ЖЧда умуман бошқа тактикани қўллаши ҳам мумкин.

Чемпионатга бориши мумкин бўлган 40 нафар футзалчини белгилаб олганмиз. Йиғинлар ва ўртоқлик ўйинларидаги ҳаракатларига қараб якунда 25 ўйинчини танлаб оламиз”, — дейди Баҳодир Аҳмедов

Маълумот учун, Ўзбекистон миллий жамоаси жаҳон чемпионатида Россия, Миср ва Гватемала билан бир гуруҳдан ўрин олган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ва Венесуэла жамоалари ўртасидаги ўртоқлик баҳслари Юнусободдаги “Ўзбекистон” спорт мажмуасида бўлиб ўтади. Биринчи ўйин 24 июнь 19:00да, иккинчи беллашув 27 июнь 18:00да бошланади.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *