Бугун, 23 июнь куни Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Н.Хусанов Корея Республикаси Иммиграция хизмати комиссари Ча Гю Гин билан учрашди. Бу ҳақида Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги хабар бермоқда.

Учрашувда пандемия даврида Ўзбекистон фуқароларини Кореяга Е-9 визаси билан ишга юбориш жараёнини тиклаш, ўзбекистонлик меҳнат мигрантларининг Кореяда ноқонуний қолиш ҳолатларини олдини олиш бўйича ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

Томонлар Ўзбекистондаги меҳнат ресурслари салоҳияти, хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар, шунингдек Корея Республикаси Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноати вазирлиги, Бандлик ва меҳнат вазирлигида бўлиб ўтган учрашувларнинг ижобий натижаси ҳақида маълумот алмашдилар.

Шундан сўнг, ҳозирги кунда 1634 нафар фуқарога Корейс иш берувчилари томонидан меҳнат шартномалари берилгани, лекин ушбу фуқаролар пандемия сабаб узоқ вақт давомида ўз иш жойларига кириб бора олмаётганига Н.Хусанов алоҳида тўхталиб, бу жараёнга Иммиграция хизматидан амалий ёрдам сўради.

Ўз ўрнида, Ўзбекистон томони Кореяда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун жўнатиладиган фуқароларни Корея Республикаси ҳукумати ва Юқумли касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш бўйича махсус комиссия талабидан келиб чиқиб тавсия этилган вакциналар билан эмлаш, кетишдан олдин 14 кунлик изоляциялаш ва ушбу карантин тадбирларини ташкил этишни кузатиш учун кореялик мутахассисларни жалб этишга тайёрлигини билдирди.

Корея томони Е-9 виза тури билан асосан саноат соҳасига 16та хориж давлатидан меҳнат мигрантлари жалб этиб келинганлиги, лекин пандемия сабаб ушбу соҳалардаги бўш ўринларга Корея Республикаси фуқароларининг ҳам талаби ортиб бораётгани тўғрисида маълум қилиб, бу жараённи ҳар икки мамлакатдаги эпидемиологик вазиятни ҳисобга олган ҳолда босқичма-босқич тиклаш масаласи махсус комиссия йиғилишида муҳокамага қўйилишини билдирди.

Учрашув якунида томонлар Ўзбекистоннинг меҳнат салоҳияти билан танишиш мақсадида Корея Республикаси Иммиграция хизмати комиссари Ча Гю Гин бошчилигидаги делегациянинг Ўзбекистонга ташрифини ташкиллаштириш бўйича келишиб олдилар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *