Бухоро шаҳрида 2021 йил 23 июнь куни Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишда парламентлараро глобал ҳамкорлик халқаро форумининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Унда Парламентлараро иттифоқ Бош котиби Мартин Чунгонг, ЕХҲТ Парламент ассамблеяси Президенти Питер Лорд Баунесс, Туркий тилли давлатлар Парламент ассамблеяси Бош котиби Альтинбек Мамаюсупов, хорижий мамлакатлар парламентлари, парламентлараро ташкилотлар раҳбарлари ва аъзолари, Ёшлар парламентлари, давлат органлари, халқаро ташкилотлар, ННТ, ОАВ вакиллари, илмий-тадқиқот муассасалари экспертлари анъанавий ва онлайн тарзда иштирок этди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёвнинг табриги Олий Мажлис Сенати Раиси Т. Нарбаева томонидан ўқиб эшиттирилди.

Муҳтарам Президентимиз табригида қайд этганидек, Ўзбекистон ташаббуси билан биринчи марта ташкил этилаётган мазкур форум глобал мақсадларга эришишда парламентларнинг иштирокини муҳокама қилиш, парламентлараро ҳамкорлик муносабатларини мустаҳкамлаш учун самарали мулоқот майдони бўлади.

Очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси парламентининг юқори палатаси Раиси Т. Нарбаева форум давлатимиз раҳбарининг БМТ Бош Ассамблеяси 75-сессиясида Барқарор тараққиёт мақсадларига эришиш ва инсон ҳуқуқларини таъминлашда парламентлар ролини ошириш тўғрисида БМТнинг махсус резолюсиясини қабул қилишга оид ташаббуси доирасида ўтказилаётганини таъкидлади. Шунингдек, юртбошимиз ўз нутқида айни пайтда мамлакатимизда фаолият олиб бираётган Парламент коммиссияси қисқа вақт мобайнида миллий мақсад ва вазифалар ижроси устидан парламент назоратини ўрнатиб, Ҳукумат аъзолари олдига мунтазам равишда муҳим масалаларни қўйиб келиши ҳақида ҳам алоҳида тўхталиб ўтилган.

Барқарор ривожлантириш мақсадларига эришиш ҳаётий аҳамиятга эга бўлиб, кейинги беш йилда Янги Ўзбекистонни барпо этишнинг устувор йўналишларидан бирига айланди.

Хусусан, 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги Миллий мақсад ва вазифалар, уларга оид индикторларнинг тасдиқланган, уларни амалга ошириш бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгаш тузилган ҳамда тегишли «Йўл харитаси» тасдиқланган.

Натижада ўтган давр мобайнида деярли барча муҳим ижтимоий-иқтисодий соҳаларни кейинги 5-10 йилда ривожлантириш истиқболларини белгиловчи стратегия ва концепциялар қабул қилиниб, изчиллик билан амалга оширилмоқда.

Тадбирда ўз табриклари билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон Исмоилов, Паламентлараро иттифоқ бош котиби М.Чунгонг, БМТ Иқтисодий ва Ижтимоий Кенгаши раиси М. Акрам, Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти Парламент ассамблеяси раиси Питер Лорд Баунесс, Туркий тилли давлатлар парламент ассамблеяси бош котиби А. Мамаюсупов, Осиё Парламент Ассамблеяси бош котиби Мохаммад Резо Мажидий, БМТнинг мамлакатимиздаги доимий координатори Х Фрейзер ва бошқа меҳмонлар сўзга чиқдилар.

Глобал форумда Европа парламенти, Канада, Буюк Британия, Германия, Франция, Италия, Испания, Латвия, Болгария, Жанубий Корея, Хитой, Япония, Индонезия, Малайзия, Тайланд, Туркия, Эрон, Озарбайжон, Афғонистон, Қирғизистон парламентлари аъзолари ҳамда 30 нафардан ортиқ халқаро ташкилотлар экспертларининг маърузалари, таклиф ва тавсиялари эшитилади.

Халқаро форумнинг асосий тематик йўналишлари қуйидаги мавзуларни қамраб олган:

Барқарор ривожланиш мақсадларининг самарали бажарилишини таъминлашда парламентнинг роли;

Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш бўйича тадбирларни молиялаштириш;

Барқарор ривожланиш мақсадларининг статистик кўрсаткичларини шакллантириш;

Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишда фуқаролик жамияти институтлари ва жамоатчиликнинг иштироки;

Барқарор ривожланиш мақсадларининг бажарилишида парламент назорати, мониторинг ва баҳолашнинг аҳамияти;

Барқарор ривожланиш йўлида дунё парламентлари ўртасида халқаро мулоқот ва глобал ҳамкорликни ривожлантириш.

Президент нутқи якунида форум якунида қабул қилинадиган Бухоро декларацияси барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда парламентлараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ушбу жараёнда парламентнинг ролини оширишга хизмат қилишига ҳам алоҳида тўхталиб, эътироф этган.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *