Самарқанд вилояти Иштихон ҳокимининг флешка «ютиб юборгани» айтилган матбуот котибини ҳақорат қилган икки киши 15 суткага қамалди.

Маълум қилинишича, Иштихон деҳқон бозорида 14 июнь куни MY5  телеканали мухбирлари ва Иштихон туман ҳокимининг ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси Илҳомжон Бобоев бозордаги ҳолатни ўрганиш вақтида 29 ёшли Н.О. ва 33 ёшли М.У. журналистлар билан бўлган ҳолатни ҳамда ўртадаги вазиятни англамаган ҳолда Илҳомжон Бобоевга нисбатан ноўрин ҳаракатлар содир этиб, ҳақорат қилиб, ҳокимлик ходимининг хизмат фаолиятига тўғридан-тўғри аралашган.

Н.О. ва М.У. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик (майда безорилик)ни содир этган деб топилиб, 15 сутка қамоқ жазоси тайинланган.

Ушбу фуқароларни қамоқда сақлаш билан боғлиқ бўлган харажатлар учун ҳар бир кунга энг кам иш ҳақининг 15 фоизи миқдорида давлат даромадига пул ундирилиши ҳам белгиланган.

Хабарда таъкидланишича, айни пайтда одамларни тўплаш ҳамда ҳокимият вакилларига нисбатан қаршилик кўрсатишда тарғибот ишларини амалга оширишда фаол бўлган фуқаролар бўйича суриштирув ишлари амалга оширилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Иштихон туман ҳокимининг 2021 йил 16 июндаги фармойиши билан Илҳомжон Бобоевга ҳайфсан берилганди.

У 14 июнь куни туман деҳқон бозорида содир бўлган ёнғин оқибатлари тўғрисида репортаж тайёрлаш учун Самарқандга келган MY5 телеканали оператори камерасини флешкасини ютиб ташлаган.

Воқеа жойида бўлганлар у картани оғзига солиб, чайнаб юборганини айтган. Аммо ҳокимлик матбуот котиби камера флешкасини олмаганини ва уни ютиб юбормаганини, бу гаплар асоссиз эканлигини билдирган.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован.