Еffect.uz ахборот агентлиги ижодий жамоаси аҳолидан келиб тушган мурожаатларни ўрганиш мақсадида Хоразм вилоятига ташриф буюрганлиги ҳақида хабар берган эдик.

Янгибозор тумани “Тоза Дурмон” маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаро қарийб бир йилдан буён сарсон бўлмоқда. Хўш, бунинг асл сабаби нима? Босимми? Ижросиз қолаётган қарорларми? Манфаатлар тўқнашувими?

 

“Бу можаролар ўтган йили карантинда бошланган. Ерларимнинг ҳамма ҳужжати жойида, кадастр, олди-сотди шартномалар ва ҳ.к. Барчаси қонуний. Совет даврида бу жойлар болалар оромгоҳи бўлган. Тегишли ҳужжатларни расмийлаштириб сотиб олганман аммо ҳеч ким тан олмаяпти.

Ҳолат бўйича туман ҳокими, ҳокимнинг ҳуқуқшуноси, архитектура бўлими ҳамда қишлоқ қурилиш бўйича масъулларга мурожаат қилдим. Бироқ, менинг мурожаатимни асоссизга чиқаришмоқда. Уларнинг айтишича, менга чиқариб берилган қарор нотўғри эмиш. Албатта, бу гаплар улар томонидан оғизаки айтилди.

Ҳеч бир далил, қоғоз,ёки ҳужжат билан изоҳланмаган ҳолда. Мени бир оғиз огоҳлантиришларсиз, ерингиз давлат ҳисобига ўтиб кетган дейишди. Қанақасига? Менинг ўзим хабар топмасимдан еримдан айрилган бўлсам. Майли, еримни олиб қўйишди, ҳам дейлик, аввал буни билишим керак эмасми? Энди, хатлар қаторлашиб келяпти. Бу жойга харидор тайёр экан. Мақсад пуллаш. Кимлардир моддий томондан бойиб олмоқчига ўхшайди. Ҳокимиятга кўп бора мурожаат қилдим. Ҳаммаёқ таниш-билиш.

Айрим масъуллар ер сизники дейдию, ҳокимият биносига борганидан кейин умуман бошқача сайрайди. Суднинг ер менга тегишли эканлиги тўғрисидаги қарорини ҳокимият бекор қилиб ташлаган. Ҳокимият мутасаддилари бориб ўрганамиз, вазиятни назоратга оламиз дейдию, ҳеч қандай ўзгариш бўлмайди. Бу нима деган гап? Буларга суд қарори аҳамиятсизми? Наҳотки, менсишмаса?” – дейди фуқаро.

Журналистлар фуқаронинг гаплари қанчалик асосли ёки асоссиз эканлигига аниқлик киритиш, вазиятни тўлиқ ўрганиш учун иккинчи томон яъни Янгибозор туман ҳокимлиги биносига ташриф буюриб, мутасаддиларнинг бу борадаги фикрини билишди.

Дастлаб, туман ҳокими Ўктам Қурбоновга юзланган журналистлар бироз мулоқотдан сўнг, ҳокимнинг ўзи бириктирган масъуллар билан учрашди.

Мутасаддиларнинг айтишига кўра, мурожаатчи ўзига тадбиркорлик учун бириктирилган ерларга ўз вақтида тадбиркорлигини бошламаганлиги юқоридаги муаммоли вазиятга туртки бўлган. Бироқ, тегишли масъуллар фуқарони судга беришдан олдин бир оғиз ҳам огоҳлантирмаган. Натижада фуқаронинг ҳуқуқи бузилган. Шундан сўнг, бу ишга бириктирилган ҳуқуқшунос лавозимидан озод этилган ва фуқаронинг ҳуқуқи бузилганлиги туфайли суд қарори бекор қилинган.

Ажратилган ерга нима учун тадбиркорлик фаолияти ўз вақтида бошланмаган деган ҳақли савол туғилади. Негаки, қурилиш бошланиши учун керакли чизмалар, лойиҳалар тайёрланиши керак. Бу борада туман архитектура бўлими томонидан лоқайдликка йўл қўйилган. Тадбиркорга етарли даражада эътибор қаратилмаганлиги ортидан, у бирон бир дастурсиз қурилиш ишларини бошлай олмаган.

Иккала томонда ҳам камчиликлар бисёр. Ҳокимлик мутасаддилари вазият тез орада ижобий ечим топишига ваъда беришди. Ҳозирда ўрганиш ишлари давом этмоқда.

Журналист: Акмал Эшонхонов
Матн муаллифи: Аброр Поёнов
Оператор: Ойбек Тураев

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован.