Бугун Ўзбекистон Миллий олимпиа қўмитаси биносида ЎФА навбатдан ташқари ҳисобот конгресси бўлиб ўтди. Тадбирни УФА матбуот котиби Даврон Файзиев олиб борди.

Конгресни Ўзбекистон Футбол Ассоциация президенти Абдусалом Азизов очиб берди.

“Ассалому алайкум, ҳурматли конгрес қатнашчилари Ўзбекистонда ҳар томонлама ислоҳотлар бўлиб ўтаётган бир паллада Футбол Ассоциацияси ҳам бундан четда қолмаяпти.

Ўтказилаётган ислоҳотлар мамлакатимизда очиқлик, ҳар қандай мавзуни муҳокама қилиш ва жамоатчилик эътиборига етказиш биринчи навбатдаги вазифа қилиб қўйилган. Манашу демократик ислоҳотлар асосида бугун футбол Ассоциациясининг навбатдан ташқари конгресини ўтказамиз” – дея сўз бошлади Ассоциация президенти.

Шундан сўнг конгреснинг расмий қисми бошланди ва унинг биринчи қисмида кун тартибидаги масалалари хусусида ҳисобот бериш учун сўз Ўзбекистон Футбол Ассоциацияси бош котиби Аваз Фархатович Максумовга берилди.

“ЎФА навбатдан ташқари ҳисобот конгрессига делегатлар сифатида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, ҳудудий футбол Ассоциациялари, футбол академиялари Ўзбекистон профессионал футбол лигаси, Суперлига ва Про лига мусобақаларида иштирок этувчи футбол клублари, футбол фахрийлари кенгаши, Республика футбол бўйича спорт маҳоратини ошириш олий мактаби, футбол ишқибозлари, футболчилар, ҳакамлар ва мураббийлар гуруҳидан жами 72 делегатлар сайланган ва ЎФАга тақдим этилган. Мазкур 72 делегатдан 65 нафари ижро этди ва 7 нафар делегатлар узрли сабабларга кўра, иштирок эта олмаяпти” – дея сўз бошлади Аваз Фархатович ва конгреснинг маъмурий масалалари амалга оширилди.

Шу билан конгреснинг биринчи қисми якунланиб, иккинчи ва асосий қисмига навбат келди. Унда яқиндаги ЖЧ-2022 саралаш иккинчи босқичини Саудия Арабистонида муваффақиятсиз тарзда ўтказиб келган Ўзбекистон терма жамоаси ҳисоботи ўтказилди.

Унда дастлаб, Ўзбекистон футбол Ассоциация биринчи вице президенти Равшан Эрматов сўзга чиқиб, тизим хатолари ва камчиликлари тўғрисида тўхталди.

Шундан сўнг, сўз терма жамоа бош мураббийи Вадим Абрамовга берилди.

Вадим Карнелович терма жамоанинг иккинчи саралаш босқичида қолиб кетганининг сабабларини изоҳлаб берганидан сўнг ОАВ томонидан берилган саволларга жавоб қайтарди.

Абрамовдан кейин эса Терма жамоалар маркази бошлиғи лавозимида ишлаб келаётган Азиз Ҳайдаров сўзга чиқди. Сўзини Ўзбек футболи жамоатчилигидан узр сўраш билан бошлаган Ҳайдаров раҳбарият ва мураббий томонидан айрим бўлган айрим камчиликларни очиқлагандек бўлди.

Шундан сўнг Ҳайдаров билан ҳам савол жавоб жараёни давом этди.

Азиз Ҳайдаровдан кейин эса терма жамоа сардори Одил Аҳмедов даврага чақирилди. Одил кайфиятидан кўп гапирадиганга ўхшамай терган эди ва амалда ҳам шундай бўлди. Мазкур жараёнда Ўзбек футболи фахрийларидан бири Биродар Абдураимов терма жамоа сардорига бироз танбеҳ берганини кўриш мумкин.

Шунингдек, Одил Аҳмедов ОАВ билан савол-жавоб жараёнида терма жамоада бошқа ўйнамаслигини айтиб ўтди.

Аҳмедовнинг чиқишидан кейин ЎФА президенти Абдусалом Азизов миллий жамоа мураббийлар штаби истеъфога чиқарилганини маълум қилди.

«Абрамов ва унинг мураббийлар штаби олдига жамоани кейинги босқичга олиб чиқиш вазифаси қўйилган эди. Шартномага кўра, вазифа уддаланмагани сабабли, мураббий ва унинг штаби истеъфога чиқарилди.

Миллий жамоани ким бошқаради, деган савол бир кунлик эмас. Бу масалани футбол фахрийларимиз ва мутахассислар билан муҳокама қиламиз. Ўзимизнинг ва европалик мураббийлар номзодини кўриб чиқамиз. Кейинги сафар ҳеч қандай баҳоналар бўлмаслиги керак.

Кимлар иш бошлаши ҳақида ҳали яна маълумот берамиз. Миллий жамоа масаласи эса ҳали яна муҳокама қилинади. Шу билан бугунги йиғилишга якун ясаймиз», – дейди ЎФА раҳбари Абдусалом Азизов.

Шунингдек, Ассоциация президенти Ўзбек футболидаги турли камчиликларни санади, жумладан Суперлиганинг ҳар бир жамоасида ўз академияси бўлиши мажбурий вазифа қилиб белгиланди ва ҳар бир жамоада менежер лавозими алоҳида ташкил этилиши, мураббий ўз ишидан бошқа ишларга чалғимаслиги алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Шу қаторда миллий жамоанинг ташкилий ишларидаги камчиликлар, жумладан, Саудия Арабистонида меҳмонхона билан боғлиқ муаммо юзага келгани ва буёғига бундай камчиликлар такрорланмаслиги муҳим вазифа сифатида белгиланди.

Шу тариқа, Ўзбекистон Футбол Ассоциациянинг навбатдан ташқари ҳисобот конгресси ўз поёнига етди.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *