Жомбой туманидаги 28-мактаб ўқувчиларининг таъмирлаш ишларига жалб қилинганлиги тўғрисида ижтимоий тармоқларда тарқалган суратлар юзасидан Самарқанд вилояти Халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати Effect.uz`га маълумот берди.

Президентимизнинг 2021 йил 15-16 апрель кунлари Самарқанд вилоятига ташрифи давомида вилоят фаоллари билан ўтказилган учрашувда ёшларни мактаб давриданоқ касб-ҳунарга ўқитиш, деҳқончилик сирларини ўргатиш бўйича “Самарқанд тажрибаси”ни амалга ошириш бўйича топшириқлар берган эди. Ушбу топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида вилоятдаги айрим мактабларда ўқувчиларни полиз экинлари етиштириш, боғдорчилик, шунингдек, бошқа касб-ҳунарларга ўргатиш тажриба-синовлари амалга оширилмоқда.

Дарҳақиқат, бундай тадбирлар ўқувчиларни меҳнатга ўргатиш, меҳнати орқасидан даромад топиш, оиласига моддий манфаат келтириш ҳамда тадбиркорлик кўникмаларига эга бўлишида имконият яратади.

Айни кунларда интернет ва ижтимоий тармоқларда Жомбой тумани 28-умумтаълим мактаби ўқувчиларининг мактабдаги енгил таъмирлаш ишларига жалб қилинганлиги акс этган расмлар турли муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Самарқанд вилояти Халқ таълими бошқармаси ва Жомбой туман Халқ таълими бўлими раҳбар-ходимлари томонидан мазкур ҳолат бўйича ўрганиш ишлари олиб борилди. Ўрганиш давомида ҳақиқатан ҳам Жомбой тумани 28-умумтаълим мактабида ёлланма ишчи ходимлар томонидан енгил таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Суратдаги ўқувчилар, яъни 6 нафар 7-9 синф ўғил болалари мактабда олиб борилаётган таъмирлаш ишларига ёрдам бериш учун ота-оналарининг розилиги билан келганлиги маълум бўлди.

Ўрганиш давомида ўқувчиларнинг ота-оналари ҳам фарзандини ўз розилиги билан мактабдаги таъмирлаш ишларига ёрдам бериш ва таътил даврида ҳунар ўрганиш учун юборганини тасдиқлашди. Суратдаги 5 нафар қиз ўқувчилар эса мактабнинг 11-а ва 11-в синф ўқувчилари бўлиб, улар билан суҳбатлашилганда, қизлар якуний давлат имтиҳонларининг баҳоларини билиш мақсадида келганлиги аниқланди.

Шунингдек, мазкур мактаб раҳбарияти ҳамда ўқитувчилари, синф раҳбарлари билан суҳбатлашиш жараёнида улар ўқувчиларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш қонунга зид эканлигидан хабардорлигини билдиришди ва ўқувчиларни мактабдаги таъмирлаш ишларига чақирмаганликларини маълум қилишди.

Айни пайтга қадар олиб борилган ўрганишлар хулосасига кўра, Жомбой тумани 28-умумтаълим мактаби ўқувчилари ўзи ва ота-оналарининг ихтиёрига зид равишда таъмирлаш ишларига жалб қилинмаган.

Бугунги кунда ушбу ҳолат юзасидан ўрганиш ишлари давом этмоқда.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *