Шу кунларда Саудия Арабистонининг Жидда шаҳри гандбол бўйича эркаклар жамоалари ўртасида 23-бор ўтказилаётган Осиё Чемпионлар лигасига мезбонлик қиляпти. Ушбу нуфузли мусобақада юртимиз шарафини АГМК жамоаси ҳимоя қилмоқда.

Мусобақада жами 11та клуб иштирок этиш истагини билдиришган ва Жиддага етиб келган. Ташкилотчилар томонидан жамоалар қуръа ёрдамига иккита гуруҳга тақсимланишди.

«А» гуруҳи: «Ал-Араби» (Қатар), «Казерун» (Эрон), «Ал-Салмия» (Қувайт), «Мудҳар» (Баҳрайн), «Ал-Нажма» (Саудия Арабистони).

«Б» гуруҳи: «Ал-Веҳда» (Саудия Арабистони), АГМК (Ўзбекистон), «Ал-Қаттен» (Яман), «Мес Кермон» (Эрон), «Ал-Духайл» (Қатар), «Ал-Қувайт» (Қувайт).

Ўзбекистоннинг амалдаги чемпиони АГМК жамоаси мусобақанинг дастлабки кунида Қатарнинг «Ал-Духайл» жамоасига ўйинни бой беришган бўлса, 2-турда Яман давлати чемпиони «Ал-Қаттен» гандболчиларини 38-26 ҳисобида мағлубиятга учратди. Қувонарлиси, мазкур учрашувнинг энг яхши ўйинчиси, Ўзбекистон терма жамоа аъзоси Мухтор Тўлибоев деб топилди.

Бироқ, кейинги турда вакилларимиз Қувайт чемпиони «Ал-Қувайт»га қарши паркетга тушди ва имкониятни бой берди.

Эртага, 17 июнь куни АГМК гандболчилари Саудия Арабистонининг «Ал-Веҳда» жамоаси билан куч синашади. Гуруҳдаги сўнгги ўйинда олмалиқлик гандболчилар Эрон чемпиони «мес Кермон»га қарши паркетга тушади. Мана шу икки ўйинда қозонилажак ғалаба вакилларимиз учун кейинги босқич эшикларини очиши мумкин. Бу йўлда уларга омад тилаймиз.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *