Ўзбекистон миллий терма жамоаси Саудия Арабистонида Жаҳон чемпионати саралаш иккинчи босқич учрашувларини ўтказмоқда.

Ҳозирда иккита ўйин ўтказилди ва унда ғалаба қўлга киритилди. Биринчи учрашувда Ўзбекистон МТЖ Сингапурни йирик – 5:0 ҳисобида мағлуб этган бўлса, иккинчи ўйинда қийинчилик эвазига ғалаба қўлга киритилди. Бундан кўриниб турибдики кучсиз жамоалар осон мағлуб этилиши мумкин, аммо ўртамиёна жамоаларга келганда Ўзбекистонда ҳамон муаммолар кузатилмоқда. Олдинда турган пик формадаги мезбонларга қарши сўнгги тур ўйини эса мухлисларни хавотирга солиши табиий.

8-тур доирасидаги Яманга қарши кечган учрашув Тошкентдаги ўйиндан буткул фарқ қилди. Пойтахтимиздаги баҳсда йирик ҳисоб, чиройли ўйин сабаб якун чиройли бўлган эди. Бу сафар ундай бўлмади.

Бу ўйиндан сўнг Саудия Арабистонига қандай қаршилик кўрсата оламиз деган савол қийнаяпти. Сабаби ушбу ўйинда Ўзбекистон терма жамоасининг кўп муаммолари кўзга ташланиб қолди. Майдон марказида муаммо борлиги яққол сезилди.

Аниқ узатмалар билан кўплаб ҳужумлар уюштирилди, аммо вазиятлардан фойдаланиш бобида ҳам камчиликлар ҳали етарлича.

Ушбу учрашув олдидан эълон қилинган таркибда намоён бўлдики биринчи учрашувга нисбатан бир-икки ўзгартиришлар киритилди. Ҳимояда Ҳожиакбар Алижонов ва Иброҳимхалил Йўлдошевлар асосий таркибда майдонга тушиб, яхши таассурот қолдиришди. Лекин барча футболчиларга нисбатан бу сўзни ишлатиб бўлмайди. Масалан, Одил Ҳамробеков ҳам ўйинни асосий таркибда бошлади, тўлиқ ҳаракат қилди, аммо майдонда борлиги сезилмади. Қолаверса, жамоа лидери Одил Аҳмедов ўз имкониятлари доирасида ўйин кўрсата олмади.

Шунингдек, яна бир қанча футболчилар ўзларининг яхши ўйинларини кўрсата олишмади. Мазкур таркиб деярли икки ойдан буён бирга машғулот ўтказмоқда. Аммо ҳали ҳам бир-бирини тушунишда муаммолар борлиги сезилиб қоляпти.

Сингапур билан кечган баҳсда Ўзбекистон терма жамоасида ҳаммаси яхши амалга ошди, аммо иккинчи ўйинни инобатга олсак, бу худди рақибнинг савияси етарли даражада бўлмаганлиги сабабли юзага келгандек.

Умуман, биринчи ўйиндан мухлислар қониқишганди. Чунки кўплаб ўзбекистонлик мухлислар футболчилардан бундай йирик ҳисобдаги ғалабани кутмаган эди. Ўша баҳсда барча позиция деярли хатосиз ҳаракат қилди. Жалолиддин Машарипов ҳам ажойиб ўйин кўрсатди.

Бир сўз билан айтганда Ўзбекистон терма жамоаси заиф Сингапурга қарши жуда яхши ҳаракат қилди ва ўзига керакли натижани қайд этди.

Тўғри, ҳар доим бўлгани каби айрим футболчиларга иссиқ об-ҳаво халақит бераётган бўлиши мумкин, аммо делегациянинг Саудияга етиб борганига анча вақт бўлди ва бу баҳона бўла олмайди, менимча. Бу вақт мобайнида анча мослашиб олишган бўлишлари керак эди.

Яна бир жиҳат эътиборни ўзига тортди. Аниқроғи, Яман билан кечган ўйинда жисмоний ҳолат ҳам керакли даражада эмаслиги билиниб қолди. Сабаби футболчилар иккинчи бўлим ўрталарида чарчаб қолишди.

Олдинда Саудия Арабистонига қарши жуда муҳим ва гуруҳнинг биринчи ўрнини ҳал қиладиган баҳс кутиб турибди. Тўғри, саудияликлар ҳозирда жуда кучли ўйин кўрсатиб келишмоқда. Устига-устак, улар ўз уйларида ҳаракат қилишади. Лекин шундай пайтлар бўлганки, Ўзбекистон терма жамоаси мазкур босқичда ҳатто Японини ҳам мағлуб этиб гуруҳ лидери сифатида кейинги босқичга йўл олишган.

Терма жамоамизда камчиликлар етарлича эканлиги кўзга ташланиб турибди, аммо битта ўйинда ҳар қандай кучсиз жамоа ҳар қандай лидерни мағлуб этиши футболда кўп маротаба кузатилган. Шунингдек, Ўзбекистон терма жамоасининг савияси Саудия Арабистонидан паст эмас. Шунчаки, терма жамоамиз ҳозир янгиланиш жараёнини бошдан кечирмоқда ва умид қиламизки, Саудия устидан қозонилажак ғалаба катта тарих сарлавҳасига айланади.

1 Саудия Арабистони 7 5 2 0 19‑4 17
2 Ўзбекистон 7 5 0 2 18‑6 15
3 Фаластин 7 2 1 4 7‑10 7
4 Сингапур 8 2 1 5 7‑22 7
5 Яман 7 1 2 4 6‑15 5

Иброҳим Усмонов тайёрлади

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован.