Тошкент метрополитенига янги раҳбар тайинланди. “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ Ягона акциядори қарори билан Усманов Раҳмонбек Жаҳонгирович “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ бошқарув раиси ўринбосари – “Тошкент метрополитени” УК бошлиғи этиб тайинланди.

Эслатиб ўтамиз, АОКАда 16 апрель куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида “Тошкент метрополитени” унитар корхонаси собиқ  раҳбари Ойбек Худойқулов метроларда кузатилаётган носозликлар бўйича изоҳ бериб, топаётган пулимиз ўзимизнинг харажатларимизга етмайди деганди.

Собиқ раҳбарининг сўзларига кўра, 2021 йилнинг биринчи чорагида йўловчилардан тушган маблағ 31,5 миллиард сўмни ташкил этган. “Метрода ҳафтанинг душанба–жума кунларида бир кунда 330 минггача йўловчига хизмат кўрсатилади. Дам олиш кунлари эса 140–150 мингга тушади. Унинг таъкидлашича бир ойда йўловчилардан тушган маблағ 10,5 миллиард сўмни ташкил этади. Шундан 8,5 миллиард сўм 4200 нафар ходимга ойлик сифатида берилади. 3 миллиарддан ортиқроқ маблағ электр энергиясига сарфланади. Тан олишимиз керак, топаётган пулимиз ўзимизнинг харажатларимизга етмайди. 2021 йил харажатлари учун бизга 45 миллиард сўм маблағ давлат томонидан ажратилган.

Бунинг олдини олиш мақсадида йўлкира нархларини кўтариш ҳақида ҳам таклиф киритганмиз. Лекин давлат раҳбари бунга йўл қўймасдан, қолгани давлат томонидан субсидия қилиб берилиши ҳақида топшириқ берган”, — деган эди Ойбек Худойқулов.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *