Давлат тест маркази миллий тест тизимининг тестлари тарқаб кетгани ҳақидаги хабарлар юзасидан расмий баёнот берди.

Ижтимоий тармоқларда ёзилган мақолаларда келтирилган кимё фанидан тест топшириқлари 11 май куни ўтказилган жараёнга тегишли бўлиб, 9 июнь куни ўтказилган имтиҳонда мазкур тест топшириқларидан фойдаланилмаган.

Биология фани бўйича келтирилган тест топшириқлари ҳақиқатан ҳам 10 июнь куни ўтказилган тест синовларига оид.

Бироқ у тест синови ўтказиб бўлинганидан кейин тест синовига кирган шахслар томонидан ёдлаб чиқилган саволлар асосида жуда кўплаб хатолар билан компьютерда терилганлиги, расмли тест топшириқларида расмларнинг келтирилмаганлиги аниқланди.

Олинган охирги маълумотларга кўра, айрим ўқув марказлари томонидан “бу саволлар тушади” баҳонасида тайёрланган саволлар жамланмаси шахсларга сотилганлиги маълум бўлди. Бугунги кунда мазкур ҳолатлар бўйича тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва Давлат тест маркази ҳамкорлигида текшириш ишлари олиб борилмоқда”, – дейилади баёнотда.

Баёнотда қўшимча қилинишича, ҳозирга қадар кимё, биология, математика ҳамда она тили ва адабиёт (ўзбек тили ва адабиёти, рус тили ва адабиёти, қорақалпоқ тили ва адабиёти) фанларидан 2 маротаба миллий сертификат учун тест синовлари ташкил этилди. Тест синовлари жараёни тўлиқ видеокузатув камералари остида ўтказилган.

Тест материаллари Давлат фелдъегерлик хизмати ходимлари томонидан тест синови ўтказиладиган биноларга махсус транспорт воситалари орқали махфийлик таъминланган ҳолда тест синови бошланишидан бир соат олдин етказилган.

Тест синовлари тўлиқ якунлангандан сўнг Давлат фелдъегерлик хизмати ходимлари муҳрланган махсус қоплардаги тест материалларини Давлат тест маркази ходимларидан қабул қилиб олди ва барча материаллар тўлиқ ҳолда Давлат тест марказига қайта етказилиши таъминланган.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *