Блогер Баҳодир Аҳмедов ва Нурбек Алимов ички йўллар қурилиши ҳокимликлардан олиниши кераклиги ҳақида ўзларининг Telegram каналарида ёзишди.

Блогерлар ички йўллар қурулишида ҳокимликлар режасиз ва ҳеч қандай стратегиясиз иш кўраётганини ва ҳокимларга кўплаб касбни ишониш нотўғри эканлигини ёзишди.

Битта ҳокимнинг маҳалласи доим асфалтлиги, президент ташрифларига хоҳлаган ерларини асфалтлаб қўйишлари (режасиз, стратегиясиз), бир ерини ямаса бошқа жойи илма-тешик бўлиши сабаблари ўша 2-даражали ва 3-даражали йўллар ҳокимликлар измида эканидир.

5890-сон Президент фармонини ижро қилиш учун 4545-сонли Президент қарорида Қўмитанинг вилоятлардаги ташкилотлари таркибий тузилмалари келтирилган.

Балки шу 2 ва 3-йўлларни ҳам ҳокимликлардан олиб шунга ўхшаш ташкилотларга бериш керакдур ва бу ташкилотлар фаолиятига ҳокимликдан аралашишга тўлиқ тақиқ қўйилиши керак.

Битта қишлоқ хўжалигига ақли етадиган ҳокимга 100 хил касбдаги мутахассисни ишини қилиб ҳамма жойни эшакўйин қиворишди”, – деб ёзди Баҳодир Аҳмедов

Шунингдек, ушбу мавзу ҳақида блогер Нурбек Алимов Президент фармонини мисол қилиб кўрсатди.

Куни кеча мана шу мавзу жуда шов-шув бўлиб интернет оламини кезди. Мен ўша кунлари фикр билдиришдан тийилдим. Масалани чуқурроқ ўрганиб чиқмоқчи эдим.

Барча “Узавтойўл”ни ўнгга чапга айблаб кетди, лекин масалага чуқурроқ қаралса, йўлга жавобгарлар ичида улар энг яхши ишлаётганлар бўлиб чиқишади. Масалан Президентнинг 2019 йил 9 декабрь куни имзоланган ПФ-5890 Фармонига  қарайлик, унда айтилишича:

Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари Қўмита ихтиёрида, шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктлари кўчалари, хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўллари — маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ихтиёрида, хўжалик автомобиль йўллари тегишли ташкилотлар ва жисмоний шахслар ихтиёрида бўлади. Автомобиль йўлларида эксплуатация ишлари қуйидагилар томонидан амалга оширилади: умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларида — Қўмита томонидан;

шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктлари кўчаларида, хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўлларида — маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан; ташкилотлар ва жисмоний шахсларга тегишли бўлган хўжалик автомобиль йўлларида — уларнинг ўзи томонидан.

Кўриб турганингиздай қонун бўйича ҳам ушбу қўмита умумий йўлларга яъни катта трассаларга, узоқ йўлларга жавобгар. Нисбатан оладиган бўлсак перевал, Тошкент-Қўқон йўллари ҳеч қачон ҳозиргидай зўр бўлмаган. Ундан ташқари Тошкент – Самарқанд йўли, Қарши-Самарқанд янги йўли, Тошкент-Оҳангарон, Сурхондарёга кетиш йўллари ҳам сифати яхши. Ўзим шу ерларда машинада юрганим учун буни бемалол айта оламан.

Юқоридаги сўровнома ҳам бу фикрларни тасдиқлаб турибди. Холис бўлайлик, маҳалламиздаги, қишлоғимиздаги йўлларнинг чатоқлиги сабабли ҳам калтак УзАвтойўлнинг бошида синяпти, аслида бу йўлларни маҳаллий ҳокимятлар қилиши керак, улар эса сувдан қуруқ чиқишмоқда.

Яна ўша қонунда айтилади: Белгилансинки, автомобилга эгалик учун йиллик йиғим туман (шаҳарлар)нинг тегишли бюджетларига йўналтирилади ҳамда ушбу туман (шаҳарлар)нинг минтақавий йўлларидаги таъмирлаш ва эксплуатация ишлари учун мақсадли сарфланади.

Ўша йиғиладиган пуллар ҳам маҳаллий хокимиятлар бюджетига тушаркан, демак биз асл айбдорни топишда хатога йўл қўймоқдамиз. Йўллар учун фақатгина битта ташкилот жавобгар эмаслигини билиб олдингиз. Холислик эса яхши сифат”, – деб ёзди Нурбек Алимов.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *