Истеъдод, иқтидор чегара билмас, деганлари бор гап. Ростдан ҳам ҳар кимда бир талант бор. Бироқ ҳамма ҳам уни намоён қила билмайди. Ёш ижодкор, шоира, журналист Дилафруз Облоқулова эса бундайлар тоифасидан эмас. Ёшлигидан илмга ташна, қизиқувчан, тиришқоқ бўлиб улғайди. Сўз илмига ошиқлиги уни журналистика соҳасига етаклади.

Бухоро вилоятида туғилган Дилафруз 2019 йил Қорақалпоқ давлат университетининг Қорақалпоқ филологияси ва журналистика факультетига грант асосида ўқишга қабул қилинди. У ерда ҳам ўз ўрнига эга, намунали талабалар сафидан ўрин олди. Жорий йилда Қозоғистон Республикасининг пойтахти Нур-Султон шаҳрида МДҲ давлатлари ўртасида ўтказилган «Йилнинг энг яхши ёш олими — 2021» Халқаро танловида 14 та мамлакат ичидан Журналистика йўналишида фахрли 1-ўринга сазовор бўлиб, Олтин медаль билан тақдирланди ҳамда «Йилнинг энг яхши ёш олимаси» номига мушарраф бўлди.

Бундан ташқари, Дилафруз Облоқулова яқинда Миср Араб Республикасининг Қоҳира шаҳрида бўлиб ўтган «Ўзбек-Миср маданий форуми»да иштирок этди. Форумда инглиз ҳамда ўзбек тилларида нутқ сўзлаб, ўзбек тилини жаҳон минбарларида қанчалик нуфузга лойиқ эканини таъкидлади. У Форум давомида Халқаро «Tagrid Fayad adabiy mukofoti» билан тақдирланди. Қоҳира шаҳрида ўтказилган мазкур халқаро анжуманга Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Ҳиндистон, Ливан ва бошқа давлатлардан бир қанча ижодкорлар қатнашди. Дилафруз ҳам Ўзбекистондан вакил сифатида фаол иштирок этди.

Серқирра ижодкор Дилафруз Облоқулованинг инглиз ҳамда араб тилларига таржима қилинган шеърлари «A journal to the Heart» («Юракка саёҳат») номли китобида жамланди. Ҳозирда журналистика йўналишида ўқиш билан биргаликда ўзи туғилиб ўсган юрти Бухоро вилояти телевидениесида бўлим муҳаррири сифатида фаолият олиб бормоқда.

Ойбек ЮСУПОВ

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *