Осиё қитъасида ЖЧ-2022 саралаш баҳслари жуда ҳам қизғин паллага чиқмоқда. Ушбу саралашнинг иккинчи босқичи ўз якунига етай деб турибди.

Марказлашган ҳолда Саудия Арабистонида бўлиб ўтаётган саралаш учрашувларида Ўзбекистон терма жамоаси ҳам иштирок этмоқда. Ўзбекистон МТЖ “Д” гуруҳида 12 очко билан иккинчи ўринда бормоқда. Ўзбекистон МТЖ аввалги турда Сингапур терма жамоасига қарши баҳс олиб бориб 5:0 ҳисобида ғалаба қозониб, ўзига керакли натижани қайт этган эди.

Ўзбекистон МТЖ бугун турнинг навбатдаги учрашувида Яман терма жамоасига қарши майдонга чиқади. Ушбу жамоалар ЖЧ-2022 саралаш баҳси иккинчи босқичнинг 3-турида кураш олиб боришган эди. Дастлабки баҳсда Ўзбекистон МТЖ катта ҳисоб билан яманликларни янчиб ташлаган эди.

Якуний натижа:

Ўзбекистон 5:0 Яман

Голлар: Қодирқулов 3ʼ, Шомуродов 33ʼ, Искандаров 53ʼ, Тохтахўжаев 72ʼ, Сергеев 90

Ушбу жамоалар умумий 5 маротаба тўқнаш келишган бўлиб, ҳар бир учрашув Ўзбекистон миллий терма жамоасининг фойдасига якунланган.

Бугунги учрашув олдида иккала терма жамоанинг ҳам бош мураббийлари ўйин ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтишди:

Вадим Абрамов: “Бизда мақсад ўша-ўша. Кейинги босқичга чиқиш учун ҳар ўйинга жиддий тайёргарлик кўрамиз. Ҳар бир ўйинимизни ютишимиз керак.

Яманни ҳурмат қиламиз. Улар бу ерда ўзларини уйидагидек ҳис қилишади. Яманлик мухлислар кўп. Ҳозир фақат шу ўйин ҳақида ўйлаяпмиз.

Машариповдан яна яхши ўйин кутиб қоламан. У ажойиб футболчи ва лидерлардан бири. Бу ўйинда ҳам ўзини кўрсатиши керак.

Ҳар бир жамоа рақиби имкон берганичалик ўйнайди. Бизга ўз ўйинимизни кўрсатишга имкон берилса, яхши бўларди. Жамоа сафида жароҳатлар бор. Шу сабаб эртага баъзи ўзгаришлар қилсак ажабмас”.

Аҳмад Али Қасим: “Эртанги ўйинимиз оғир кечишини биламиз. Биз биламиз, Ўзбекистон терма жамоаси гуруҳда фаворитлардан бири. Ўзбекистон фаворит ҳисобланса ҳам биз ўз кучимизга ишонамиз.  

Ўзбекистон бир хил даражадаги 23 футболчига эга. Уларнинг бирини алоҳида ажратишни истамаган бўлардим. Барчаси юқори савияда ўйнашади”.

Маълумот учун, Ўзбекистон терма жамоаси Тўқ-кўк рангли формада ҳаракат қилади, Яман терма жамоаси эса қизил-оқ рангли футболкаларда майдонга чиқишади. Учрашув “Қирол Фаҳд” стадионида бўлиб ўтади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон – Яман учрашуви бугун, 11 июнь куни 23:00да бўлиб ўтади. Ушбу учрашувни UzReport ва Sport tv каналлари орқали кузатишингиз мумкин.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *