Бугун, Евро-2020 турнири старт олади ва очилиш ўйини Туркия ҳамда Италия терма жамоалари ўртасида бўлиб ўтади. Мазкур йин олдидан бўлиб ўтган матбуот анжуманида ҳар икки жамоа мураббийлари иштирок этди. Қуйида уларни эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Роберто Манчини (Италия терма жамоаси бош мураббийи):

“Очилиш ўйини ҳар доим оғир бўлган, аммо биз ишга жиддий ёндашамиз ва умид қиламанки, якун барчамизни хурсанд қилади.

Туркияни ҳурмат қиламиз, негаки улар кучли ўйинчилардан иборат, жуда сифатли футбол намойиш қиладиган жамоа. Уларга қарши завқ билан ўйнашимиз лозим. Бизда ҳам яхши футболчилар етарлича ва ажойиб жамоавий руҳга эгамиз.

Ушонаманки, биз Лондонгача бора оламиз (турнирнинг ярим финал ва финал ўйинлари Лондонда бўлиб ўтади – изоҳ effect.uz). Бизда ушбу Евронинг асосий қаҳрамонлари бўлиш истаги жуда юқори. Аммо очилиш ўйинида хотиржам ҳаракат қилиш керак. Буни амалга ошира оламиз.

Асосий таркиб борасида ҳали бир тўхтамга келмадим. Бунда кўп жиҳатга эътибор бериш керак ва футболчилар диққатини жамлаши лозим. Аммо улар билишади, ким захирада қолса, ўйин давомида ёрдамга шай тарзда туриши даркор”, – дейди Манчини УЕФА расмий сайтига.

Эслатиб ўтамиз, Италия терма жамоаси Евро-2020 гуруҳ босқичида Туркия, Уэльс ва Швейцария терма жамоаларига қарши баҳс олиб боради.

Шенол Гунеш (Туркия терма жамоаси бош мураббийи):

“Бундай катта турнирнинг очилиши ўйинида иштирок этиш бизга катта фахр бермоқда. Ҳар қандай турнирда биринчи ва сўнгги ўйин ҳал қилувчи аҳамият касп этади. Агар бу ўйинни бой берсак, гуруҳ босқичи биз учун жуда қийинлашиб кетади.

Италия – мен ҳурмат қиладиган, ажойиб жамоа. Бизнинг жамоамиз биринчи маротаба очилиш ўйинида иштирок этмоқда. Таркибимиздаги уч нафар футболчимиздан ташқари барчаси ўз фаолиятида илк маротаба Европа чемпионатида иштирок этади.

Манчини бир пайтлар “Галатасарой”да ишлаган ва Туркия футболи ҳақида озми-кўпми маълумотга эга. У Италия байроғи остида ажойиб жамоани ташкил этди, аммо бу ерга ғалаба учун келганмиз.

2002 йили Жаҳон чемпионатига етарлича тажрибага эга бўлмаган футболчилар билан борганмиз, аммо ўша турнирда ўйинчилар ажойиб ҳаракат қилишган. Бу воқеа бу ерда ҳам содир бўлиши мумкин. Жамоа лагерида ҳозир ажойиб кайфият ҳукмрон. Ҳаммамиз бир мақсадни кўнгилга тугиб қўйганмиз”, – дейди Гунеш UEFA расмий сайтига.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *