Ўзбекистонда сақланиб келинаётган ВИИИ асрга оид Катта Лангар Қуръони саҳифалари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич қизи – Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси ўринбосари Саида Мирзиёева бошчилигида реставрация қилинди. Бу ҳақида On-line 7 хабар бермоқда.

Бундан икки йил аввал, Саида Мирзиёева Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори ўринбосари лавозимида фаолият юритган даврларда, унга Катта Лангар Қуръони мамлакат ҳудудида қандай ҳолатда сақланаётгани ҳақида маълумот берилади. Шундан сўнг, тегишли муассасаларга бориб, вазият ўрганилган.

Асрлар давомида асралиб, бизгача етиб келган бу қадимий ва муқаддас битикларнинг ҳолати ҳавас қилгулик эмас эди. Тезда реставрация ишлари бошланмаса, мазкур бебаҳо мерос келгуси авлодга етиб бормаслиги кўриниб турарди. Зудлик билан бу соҳадаги энг малакали ва тажрибали мутахассисларни жалб этишга киришилди. Ушбу масъулиятли вазифа Франциянинг Лувр музейи ходимларига топширилди.

Қуръони Каримнинг Катта Лангар Қуръони номи билан машҳур нусхаси саҳифалари дунёдаги энг қадимий ва нодир қўлёзмалардан ҳисобланади. Бу ном битикларнинг Қашқадарё вилояти Қамаши туманидаги Лангар ота масжидида сақлангани билан боғлиқдир.

Бугунги кунда Ўзбекистонда мазкур қўлёзманинг 17та саҳифаси борлиги маълум бўлиб, Катта Лангар Қуръонининг мамлакатга келиб қолиш тарихига оид бир неча тахмин илгари сурилган. Ушбу Қуръон нусхасини ўрта асрларда Афғонистон орқали Ўрта Осиёга кўчиб келган араблар ўзлари билан олиб келишган деган ривоят ҳам, Суриядан Амир Темур томонидан Қашқадарёнинг тоғли ҳудудига кўчириб келинган араблар келтирган деган тахмин ҳам, Ҳаж зиёратига борган юртдош хожилар ўзлари билан олиб келган деган мулоҳаза ҳам мавжуд.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *