Мамлакатимизда сўнгги йилларда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларида энг аввало инсон қадр-қимматини ҳурмат қилиш, ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга алоҳида эътибор берилмоқда.

Бугун Бош прокуратуранинг Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишда қонунчилик ижроси устидан назорат бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти билан биргаликда департамент тасарруфидаги муассасаларда Жиноят, Жиноят-ижроия қонунчилигига риоя этилиши, маҳкумларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминланишида тизимда фаолият олиб бораётган юридик хизмат ходимларининг роли мавзусида ўқув семинари ташкил этилди.

Бош прокуратура ва қуйи прокуратуралар томонидан жорий йилнинг 5 ойида жазони ижро этиш колонияларида ўтказилган назорат тадбирлари давомида аниқланган қонунбузилиши ҳолатларига нисбатан 144та прокурор назорат ҳужжатлари қўлланилиб, бунинг натижасида 118 нафар шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланган.

Биргина мисол, прокурорларнинг назорат тадбирлари ва ўрганишларида маҳкумларга нисбатан қўлланилган интизомий жазоларнинг 45таси ноқонуний эканлиги аниқланиб, уларни бекор қилиш ва қонунга мувофиқлаштириш тўғрисида протестлар келтирилган.

Ўқув семинарида аниқланган қонунбузилишига нисбатан кўрилаётган чораларга қарамасдан масъул шахслар ҳамда юридик хизмат ходимлари томонидан вазиятни яхшилаш, қонунбузилиши ҳолатларини бартараф этишга етарлича муносабат билдирилмаётганлиги кўрсатиб ўтилди.

Шунингдек, юридик хизмат ходимларига шахснинг ҳуқуқ ва манфаатлари билан боғлиқ ҳар бир ҳолатга нисбатан ўз вақтида муносабат билдиришлари лозимлиги, бунинг натижасида қонунсиз қарор қабул қилинишига йўл қўйилмаслиги, шахсларнинг ҳуқуқлари бузилишининг олди олиниши бўйича тушунтиришлар берилди.

Ўқув семинарида юридик хизмат ходимларининг саволларига жавоб ва тушунтиришлар берилди.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *