Facebook ижтимоий тармоғида Мунира Қўзибоева исмли фойдаланувчи томонидан Хоразм вилояти Хонқа туманида истиқомат қилувчи боқувчисини йўқотган, з нафар вояга етмаган фарзанди бор, турли оғир хасталиклар билан курашаётган аёлга ҳеч ким ёрдам бермаётганлиги тўғрисида пост қолдирилди.

Фото: Screenshot

Бу қанчалик ҳақиқат? Постдаги мурожаат Effect.uz журналисти Аброр Поёновни бефарқ қолдирмади ва ёрдамга муҳтож аёл билан боғланиб, кеча 10 июнь куни “Овқат емаганимга анча бўлди. Менга бир нарса бўлса, вояга етмаган болаларим қийналиб қолади!” – ССВ ва бошқа ташкилотларга очиқ мурожаат” – сарлавҳаси остида танқидий мақола эълон қилди.

Effect.uz нашрида эълон қилинган ушбу танқидий мателиалдан сўнг, холатни Хоразм вилояти ҳокимлиги ўз назоратига олишини маълум қилганди. Кечанинг ўзидаёқ, Хонқа тумани ҳокимлиги, шунингдек, мурожаатчи Шарофат Аллаберганова истиқомат қилувчи “Намуно” қишлоғи “Ёш – куч” маҳалласи мутасаддилари беморнинг ҳолидан хабар олиб, айни дамларда аёлнинг шифохонада муолажа олаётганлигини маълум қилишди.

Фото: Мунира Қўзибоева

Бу бўйича Хоразм вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси расмий муносабат ҳам билдирди:

“Ижтимоий тармоқларда “Овқат емаганимга анча бўлди. Менга бир нарса бўлса, вояга етмаган болаларим қийналиб қолади!” – ССВ ва бошқа ташкилотларга очиқ мурожаат” мазмунида хабар ва унга илова қилинган фотолавҳалар тарқалган эди. Унда Хонқа тумани, Намуна кишлоғи, Ёш-куч маҳалласида яшовчи Ш.Анинг соғлиғида муаммолар борлиги, оилавий шароити оғирлиги, ҳеч қайси ташкилот ёрдам бермаётганлиги айтилган.

Ушбу ҳолат вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ходимлари томонидан жойига бориб, тегишли тартибда ўрганилди. Маълум бўлишича, Ш.А Хонқа туман тиббиёт бирлашмасига қарашли 47-сон оилавий поликлиникаси оила шифокори хонасида диспанцер назоратида туриб, мунтазам равишда стационар ва амбулатор шароитда даволаниб келмоқда.

Жумладан, 2021 йил 26 апрель куни туман тиббиёт бирлашмаси кўп тармоқли марказий поликлиникасида мутахассислар томонидан чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилган. Бемор тиббий кўрикдан ўтказилгандан кейин касаллиги бўйича зарур тавсиялар берилган ҳамда 2021 йил 3 май куни вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази гастроэнтрология бўлимига стационар шароитда даволаниш учун №510 сонли ордер расмийлаштириб берилган. Бемор барий ёрдамида рентгенография текширувидан ўтказилган ва онкологик касаллик инкор этилган.

Фуқаро 2021 йил 8 июнь куни туман кўп тармоқли марказий поликлиникасига мурожаат қилган ва стационар шароитда даволаниш учун туман тиббиёт бирлашмаси терапия бўлимига йўлланма расмийлаштириб берилган. 2021 йил 10 июнь куни соат 9:30да фуқаро кўп тармоқли марказий поликлиникага қайта мурожаат қилиб, вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази гастроэнтрология бўлимига стационар шароитда даволаниш учун ордер берилишини сўраган. Тор мутахассис томонидан кўрикдан ўтказилган ва вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази гастроэнтрология бўлимига стационар шароитда даволаниш учун №538 сонли ордер расмийлаштирилиб берилган.

Бугун аёлга қайта текширувдан ўтиш учун Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Хоразм филиалига йўлланма берилди!” – дейилади бошқарма ахборотида.

Бундан ташқари Хонқа тумани ҳокимлиги ахборот хизмати вакили Шохруҳбек Хўжаниёзов билан боғланганимизда у биринчи навбатда аёлнинг соғлигини тиклаш муҳимлигини,  ҳокимлик барча ёрдамга тайёрлигини, эҳтиёжманд оилаларга давлат томонидан белгилинган кўплаб имтиёзлар унга ҳам берилишини, бу борада ҳеч қандай муаммо йўқлигини, оиланинг ҳолидан мунтазам хабар олиб турилишини маълум қилди!

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован.