Истеъмолчиларга арзон, сифатли ва барқарор электр энергиясини етказиб бериш масаласи муҳокама қилинди. Бу ҳақида Олий мажлис Қонунчилик палатаси матбуот хизмати хабар бермоқда.

2021 йил 11 июнь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси томонидан “Арзон, ишончли, барқарор ва замонавий энергетикани ривожлантириш истиқболлари” мавзусида давра суҳбати ўтказилди. Ушбу тадбир Барқарор ривожланиш мақсадлари ҳафталиги доирасида бўлиб ўтди.

Тадбирда таъкидланганидек, кейинги йилларда мамлакатимизда аҳолининг электр энергия ресурсларига бўлган талабини тўлиқ қондириш, электр энергияси тармоғи корхоналарини трансформация қилиш, уларда самарали бошқарув тизимини жорий этиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларини барқарор электр энергияси билан таъминлаш мақсадида Президентимизнинг тегишли қарори билан чора-тадбирлар дастури қабул қилинди. Дастур доирасида 29 минг километр тармоқлар, 10 мингта трансформатор янгиланди ва модернизация қилинди.

Бундан ташқари, иқтисодиётнинг реал секторида банд бўлган йирик саноат ва тадбиркорлик субъектларига талаб этилган қувватда электр энергиясини таъминлаш мақсадида республика бўйлаб қуввати 110-35 кВ бўлган юқори кучланишли 45 та подстанция ҳамда 310 километр юқори кучланишли тармоқлар янгиланди.

Шунингдек, халқаро молия институтлари экспертлари билан ҳамкорликда 2020-2030 йилларда Ўзбекистонни электр энергияси билан таъминлаш Концепцияси тасдиқланди. Унда 2030 йилга келиб республика истеъмоли қарийб икки баробарга ошиши, янги ишлаб чиқариш қувватларининг ишга туширилиши натижасида станцияларнинг ўрнатилган қуввати 29,3 ГВт га етиши, жумладан 3 ГВт қуёш электр станциялари ва 5 ГВт шамол электр станцияларнинг қурилиши кўзда тутилган.

— Юртимизнинг уч ҳудудида умумий қуввати тахминан 1 ГВт бўлган қуёш электр станцияларини ва бевосита уларга боғлиқ бўлган электр энергетика инфратузилмасини қуриш ва ушбу станциялар орқали ишлаб чиқарилган электр энергияси учун ўртача 1,8 АҚШ центи атрофида тариф таклифи қабул қилинди, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Ваҳобжон Мурадкабилов. — Паст кучланишли электр тармоқларини модернизация қилиш бўйича 10 йиллик дастур ишлаб чиқилди. Унга кўра, 130 минг км. электр узатиш тармоқлари, 40 мингта трансформатор пунктлари ҳамда 163 та подстанцияларда модернизация ва реконструкция ишлари амалга оширилиши белгиланган.

Давра суҳбатида истеъмолчиларга арзон, сифатли ва барқарор электр энергиясини етказиб бериш, йилма-йил ўсиб бораётган талабларни қондириш, мамлакатнинг энергетика тармоғини ўрта ва узоқ муддатли истиқболда ривожлантириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Тадбир иштирокчилари томонидан соҳанинг янада ривожланиши учун таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Кун тартибидаги масала юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *