Effect.uz таҳририятига Хоразм вилояти Хонқа тумани “Намуно” қишлоғи “Ёш – куч” маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаро – Аллаберганова Шарофат Юсуфбоевна қўнғироқ қилиб, соғлиғида муаммолар борлиги, оилавий шароити оғирлиги ва айни дамларда унга ҳеч ким ёрдам бермаётганлигини таъкидлади.

Маълум бўлишича, аёлни бир нечта хасталиклар қийнайди. Жигарида касалликлар бор. Шунингдек, камқонликдан азият чекади. Қон босими бўйича ҳолати яхши эмас. Озиб кетган ва тез-тез йиқилиб қолиш ҳолати кузатилмоқда.

“1970 йилда туғилганман.  Боқувчимиз йўқ. Оилавий шароитимиз ночор. Агар менга бир нарса бўладиган бўлса, вояга етмаган болаларим қийналиб қолади. 3 нафар фарзандим бор, энг каттаси 13 ёшда. Маҳаллага бир неча бор мурожаат қилдим. Вазирлар Маҳкамасига чиқдим.

Менга ёрдам берадиган ташкилот топилмаяпти. Овқат емаганимга анча бўлди. Хонқа тумани неврология маркази мени қабул қилмади. Пулим йўқ. Яшаш шароитим, умумий аҳволим оғир. Давлат идораларидан ёрдам беришларини сўрайман!” – деди  Шарофат Аллаберганова.

Ўз ўрнида таъкидлаш керакки, нима сабабдан маҳалла бу ҳолатга беэътибор бўлган? Ҳеч бўлмаганда, дардини айтиб борган оқ халатли касб эгалари яъни шифокорлар Шарофат опанинг соғлиғини яхшилаш учун оддийгина йўлланма  ёзиб берса бўларди-ку?!

Президент Шавкат Мирзиёев: “Аёлларни, оналарни  улуғлашимиз бурчимиз!” – дея байрамларда ўз оғзи билан айтиб турганида, Хоразмда бундай ҳолатларнинг учраётганлигини қандай тушуниш керак? Ахир, бу аёлнинг ҳам бошқалар қатори яхши яшашга ҳаққи бор. Барчамиз онамиз, опамиз-синглимизни қанчалар яхши кўрамиз. Одамнинг бегонаси борми ёки… Унутмайликки, лоқайдлик дўстимиз бўлмаслиги керак.

Ҳолат бўйича, “Хотин-қизлар қўмитаси”, “Соғлиқни сақлаш вазирлиги”, “Хонқа тумани ҳокимлиги”, “Хоразм вилояти ҳокимлиги”, “Ёш – куч” маҳалласи”  мутасаддилари, “Маҳалла ва оилани қўллаб – қувватлаш вазирлиги” масъулларидан зудлик билан ўрганиш ишларини олиб боришини ҳамда ушбу оилани ҳар томонлама қўллаб-қувватлашини сўраймиз!

Аброр Поёнов

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *