Бу йилги ёз бошидан жазирама билан келди.  Бундай об ҳавода совуқ ичимлик ичмасдан юра олмайди одам.  Ўзи камдан-кам совуқ сув ичаман. Ўз ҳолимни ўзим билганим учун ҳам деярли муздай ичимлик ва музқаймоқлардан ўзимни тийиб юрардим. Иш юзасидан кетма кет уч кун борди келдилар бўлаверди. Иссиқ эса одамнинг тинкасини қуритади, албатта чанқайсиз.

Ҳар беш дақиқадан сув ичгингиз келади. Мен ҳам муздек ичимликлар билан ўзимча иссиқни енгиб ўтгандай бўлдим. Бир кунда олти етти маротаба совуқ сув ичавердим. Уч кун кетма-кет шундай ўтди. Ҳар куни биттадан дард қўшила бошлади.  Биринчи кун томоқ, иккинчи кун бош оғриқ, ва учинчи кун кучли иситма. Икки кун уйда ётиб қолдим, дори дармон олиб келиб ўзимча муолажа қилдим. Афсуски бефойда.  Шамоллаш грипп ҳолатига келиб бўлган, иситма юқори бутун тана бўйлаб суяклар қақшайди ҳатто қаерим оғришини аниқ билмай қоламан.  Туни бўйи иситманинг таъсирида алаҳсираб чиқаман. Оҳири чидаш даражасидан ўтиб кетди.

Ярим тун, соат уч бўляпти. Тез ёрдам чақириб кутишга ҳам сабрим йўқ. Ўзим касалҳонага бордим. Реаниматция бўлимини эшиги очиқ турарди. Врач ҳам бор ҳамширалар билан чақ чақлашиб ўтирибди. Ўша бўлимга ўзимни отдим. Иссиғим борлиги ва оғриқларга чидаш қийинлигини айтдим. Шифокор умрида одам кўрмагандай анқайиб қараб турибди.

Ва сўраган саволи манзилингиз қаерда. Манзилимми фалон жойдан келдим.  Ҳааа, эртага яшаш ҳудудингиздаги поликлиникага чиқиб шифокорга кўринасиз.  Нима…  Мен эртагача нима қилай чидай олмаганимдан ярим кечаси келдим, мана қўлимда антибиотик укол дорилар ҳам бор. Илтимос кимдир укол қилсин, ёки қаерга кириб мурожаат қилишимни айтинг.

Айтяпманку эртага поликниликага чиқасиз, улар текширади, личения ёзади. Ундан кейин ҳамшира ўзи уйингизга бориб укол қилаверади. Ҳозир эса уйингизга бориб нимесилингиз бўлса эритиб ичинг ва ўраниб ухланг. Қўлимдаги бир пакет дори дармон билан қотиб қолдим. Кўкрак қафасимдаги оғриқдан нафас олишим ёмонлашиб борарди. Кейин ҳамшира тилга кирди. Covid эмасмисиз ўзи нега кеволдиз буёққа.

Айтдимку муздай сув ичиб шунақа бўлдим деб. Доктор ўпкасини эштингчи… Эштиб нима қиламан бармоғига манавини тақиб сатурациясини кўрдим. Давленясини ўлчайчи, ҳмм давленяси чёта пас экан, майли ўтиб кетади иситмаси баландлигига бу дейди. Мен касалхонага келиб катта ҳато қилганимни, ундан кўра уйда жим ётишим керак эканини тушундим ва жимгина чиқиб қайтдим. Уйга келиб яна дори ичдим. Ухлаб қолиш жуда қийин бўлди. Ёз кунида иситмалаб қолишдан ёмони йўқ.

Яна алаҳсираб бир бало тушлар кўриб иситма билан курашиб тонгни қаршиладим. Укол дорисиз илож йўқ яна шифохонага бордим. Укол олиш вақтида кечаги воқеани айтиб бердим ҳамширага. Вой ўлай тезда биринчи ёрдамни кўрсатишмадими?! Эси йўқми уларнинг. Қон босим жуда паст бўлса, иситма эса 38дан юқори, ҳатто ўзлари биронта дори ичиришмадими? Журналистман демайсизми қизим ўша заҳоти қанот қоқиб ҳаракат қиларди улар. Ҳа майли, бир амалладим менку журналистман десам балки қилишар вазифасини, аммо бошқаларчи…

Қачонгача кимдандир қўрқса ёки тили қисиқ бўлса ишлаши керак ходимлар. Танқид қилсак ёмон кўришса, индамасак ўлар ҳолатдаги одамни жим томоша қилиб чой ичиб ўтиришса, бу қандай шифокор бўлди? Албатта, мен барча оқ ҳалатлилар демайман, айримлари сабабли кўпчилик номига доғ тушиб қолмоқда. Айнан мана шундай ҳолатлар сабабли одамлар бевақт оламдан кўз юмиб кетади.

Бепарволик жамиятни ич ичидан кемириб борувчи иллатдир. Шифокорлар беморларга бепарво, ИИБ жиноятчиларга бепарво, раҳбарлар фуқароларга бепарво бўлса  оқибат ва натижа қандай бўлишини ўйлаб кўряпсизми? Оқ ҳалатлилар бутун инсоният нажот кутадиган касб эгаларидир. Биз уларга дардимизга даво истаб мурожаат қиламиз.

Аммо айримлари…

Уларнинг энг кичик хатоси кимнингдир ҳаётига энг сўнгги нуқтани қўйиши мумкун!

Рухсора Баҳромзода

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *