Анъанага кўра, Европа чемпионати “А” гуруҳи ўйинлари билан очилади. Евро-2020 турнирида бундай шараф Туркия ва Италия терма жамоаларига насиб этди. Улар 11 июнь куни, Римдаги “Олимпиа” стадионида, тунги 23:55да нуфузли турнирни бошлаб берадилар.

Ҳар доимгидек, катта турнирнинг очилиш ўйинига катта эътибор қаратилмоқда. Шунинг учун, бу ерда озгина шарҳ ва тахминларни бўлишамиз.

Умуман олганда, бўлажак Евро бошқаларига қараганда, ўзига хосдир. Айнан – логистика бўйича. Турнир биринчи марта бир вақтнинг ўзида бир-неча давлатда бўлиб ўтади. Бунгача чемпионат бирданига иккитадан ортиқ мамлакатда ўтказилмаган.

Айнан шунинг учун, бундай мураккаб турнир схемаси туфайли, биринчи учрашувда бизни ҳайратомус томоша кутиб турибди – Туркия терма жамоаси Италияни Римда қабул қилади. Қизиқи, турклар бу ўйинда мезбон мақомида бўлишади.

Ўйин “Лацио” ва “Рома”нинг уй майдони бўлмиш, Римдаги “Олимпиа” стадионида бўлиб ўтади. Трибуналарга 20 минг атрофида мухлис киритилиши кутилмоқда ва уларнинг аксарияти италияликлардан ташкил топган.

Италия терма жамоаси УЕФА рейтингида 7-ўринни банд этиб турибди. Туркия эса 17-ўринда. Жамоалар шу пайтгача ўзаро 7 маротаба тўқнаш келишган. Қизиқарли томони, турклар бирор марта ҳам бу ўйинларда зафар қуча олмаган. Учта ўйинда кучлар тенг келган.

“Transfermarkt” портали маълумотларига кўра, Италия терма жамоасининг трансфер нархи туркларникидан икки баравар юқори – мос равишда 771 ва 325 млн еврони ташкил этади.

Италияликларнинг энг қиммат футболчиси — “Интер” яримҳимоячиси Николо Барелла (65 млн евро). Туркия терма жамоасининг бу кўрсатгич бўйича энг яхши вакили — “Лестер Сити” марказий ҳимоячиси Чағлар Суюнжу (45 млн евро) ҳисобланади.

ЭНДИ ЭСА ТАХМИНЛАР

Очилиш ўйинларининг голларга бой тарзда ўтиши жуда кам кузатилган. Фаворит, албатта Италия, чунки ўйин Римда ўтади. Аммо “Скуадра адзурра” яқинда Жаҳон чемпионларини мағлуб этган жамоа устидан йирик ғалабага эришишига ишониш қийин.

Саралашнинг 10та ўйинида 1та мағлубият ва Франция терма жамоасига қарши икки ўйинда 4 очко олиш туркларнинг осонликча жон бермаслигидан далолат бериб турибди. Турклар ҳатто мусобақанинг бош кашфиёти бўлиши ҳам мумкин.

Шунинг учун, ўйлайманки, бу ўйинда ҳар иккала жамоа ижросида ҳам голлар кўрамиз. Бу ўйинда қандай натижа қайд этилишидан қатъий назар Туркия терма жамоаси кейинги турларда ҳам ўз сўзини айта олишига ишонаман.

Абдуллохон ИСРОИЛХОНОВ тайёрлади

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *