Инсон – Аллоҳ томонидан яратилган ақлли мавжудот ҳисобланади. Одам алайҳиссалом яратилаётган даврда мазлум шайтон лаънатланиб, етти қават осмондан қувилган эди. Аммо бу инсоннинг қадр-қиммати яшаётган давримизда улуғланяптими? Ёки биз айтган одамлар шунчалик ҳам худбинлик ва разолат қавмини танлашдими? Нега, нима учун?

Дейлик, Ўзбекистонда 35 млнга яқин аҳоли яшайди, уларнинг деярли 10-15 фоизи чет элда кимларнингдир чўнтагига қараб, ҳукмига бўйсуниб кун кечиряпти. Фарзандларидан олисда яшаб, ишлашга мажбур қилинмоқда. Айримлари мардикор, айримлари эса фоҳишалик билан шуғулланяпти. Нима учун: албатта бойлик орттириб, фарзандини, ота-онасини боқиш учун. Бу ҳаётнинг ёзилмас қонунларидан биридир.

Ҳа, Каримов ўз вақтида Россия кўчаларини супурган ўзбекистонликларни “дангасалар” деган эди.

“Дангасалар деб кимни ҳисоблайман? Ҳўв, Москвани бориб кўчаларини, майдонларини супурадиганларни. Ўтта нима йўқ… Одам жирканади, ки ўзбек миллатидан шунақа бориб, ўзига бир бурда нон топиш учун шу ёққа бориши керак экан. Ҳа, Ўзбекистоннинг ўзида ҳеч ким очликдан ўлаётгани йўқ!” деган эди Каримов 2013 йилда.

Шунингдек, у “энди тиламчи бўлиб, кўчага чиқиб, қўлини узатиб сўраш, одамнинг ор-номусига қаттиқ тегади. Ўзбек миллати нима билан ажралиб туради бошқалардан? Ор-номуси билан. Ўлим билан баробар эмасми бу?! Бунақаларни дангаса дейманки, катта пул тезроқ топиш учун у ёққа бориб, шарманда қилади ҳаммамизни”, дея қайд этганди.

 

Хўш, ўйлаб кўрайлик, уларни ким дангасага айлантирди. Ўзларими ёки ўзимизми?

Очиқчасига мақола ёзадиган бўлсам, гап кўпайиб кетади. Аммо мақолада келтирилган сатрларнинг барчаси ич-ичингизга ўтиб, юлиб чиқиб кетади. Бамисол кўзингизга ёш келади.

Ўзбекистон халқи СССРдан ажралгач, ғайритабиий тузум босими остида яшашга мажбурланди. Шу пайтгача индамасдан, гапирмасдан келдик. Етар энди!

2016 йил Каримов вафот этди: нимадир ўзгардими? Ҳа, ўзгариш сезилди. Лекин бу ниманинг ҳисобига бўлди.

Етим-есирларнинг ҳаққи эвазигами, ёки ташқи қарзлар ҳисобига Ўзбекистонда пуллик бўлган “сити”лар қурилдими? Балки, машина заводнинг қиммат машиналари эвазигадир.

Ёки бўлмаса, “Андижон музқаймоғи”нинг ривожланишини кўролмаганларнинг чиркин соққалари қадригами?

Одамзот ҳар нарсага ўзи сабабчи бўлади, масалан: унинг яхши ёки ёмон яшаши ўзининг ҳаракатлари ва тақдири азалга боғлиқ. Одам ҳаракат қилса, “пешонамда бор экан” деб юраверса, пешонаси ярқираб кетади. У фақирга айланади. Порталга ва бошқаларга ишонган одамнинг ҳолига маймунлар йиғлаши тайин.

Истамасак ҳам бу мавзуга раҳбарларни қўшишимиз шарт бўлади: энди олайлик биз шунча вақтда нималарга эришдик: Россия учун “дангасалар” тайёрладик, Туркия, Таиланд ва бошқа Араб мамлакатлари учун фоҳишалар етиштирдик, ёки Жанубий Корея учун тайёр “келин”ларни ўстирдикми?

Дўстимнинг бир ақлсиз ити бўларди. Дўстим у итини куни билан айлантирар, бу кўчадан у кўчага олиб ўтарди. Итга нима у эгаси айтганини қилади-да. Хўш, ўзбекларнинг эгалари ким бўлган эди ва айни вақтда эгаси ким? “Сен мени итга тенглаштиряпсанми тирранча” дерсиз, аммо ит-одам ўртасида қанчалик фарқ борлигини ўйлаб, тасаввур қилиб, теран фикрлаб кўринг.

Тўғри, биз ит эмасмиз, ваҳоланки, Аллоҳ томонидан яратилган буюк – инсонлармиз! Одам алайҳиссалом авлодларимиз. Барчамиз Яратганнинг берган неъматларидан баҳраманд бўлишга ҳаққимиз бор. Бироқ бу неъматлар инсон зотигача етиб келяптими? Раҳбарлар билан оддий одамлар орасида қанчалик тафовут мавжуд. Инсоф ва иймон ҳақида гапириш учун ким бўлмоқ даркор?

Ҳар куни ҳар жойда шов-шувли мавзулар: Президент “мен орқангизда турибман, инсофсизларни юзини Халққа кўрсатинг, уларнинг суръатини танишсин”, деганида нимани назарда тутган эди?

“Сизлар менга елкадошсиз, ёрдамингизга таянаман. Адолатни етказишдан тўхтаманглар, қўрқманглар. Ортингизда Президент турибди. Адолат, адолат, адолат! Яна бир марта адолат. Бу йўлдан ортга қайтмаймиз. Сизлар адолатни тарафдори бўлсангиз, ҳақиқатни ёзсангиз, раҳбарлар ҳозир сизларни ёмон кўриши мумкин, аммо охири ишлашга тушади. Тизимни ишлашига олиб келади бу. Ишларингизда омад тилайман”, деганди Янги Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев.

 

Энди гапни қисқа қилай: хўш, уларнинг юзини безбетларча Халққа кўрсатиб, бизга нима наф бўлди? Қамалдик, тухматга қолдик, калтакландик, оқ сут бериб туққан онамизгача сўкишди. “Падарингга ланъат” деган қабиҳ, ифлос сўзни ишлатишди. Товламачиликда айблаб, 6 йил 6 ойга қамаб юборишди. Қани ким бизнинг орқамизда турди? Орқамизда ким туриши керак эди?

 

Соатига янги қонунлар ишлаб чиқилади, аммо уларнинг ижросига келганда айримларнинг Чорвоқда дам олгиси келиб қоляпти. Танқид қилавериб, жонга тегдинг-ку дедингиз-а: нимамиз борки оғзимни кўпик қилиб мақташга? Нимангиз бор-ки, оғзингизни йиртиб мақташга.

Туркиядаги “мамароза”ларни мақтайми, Россиядаги дангаса мардикорларни мақтайми ёки эри бўла туриб, Дубайда кўкрагини кўрсатиб, ушлатиб юрган ўзбекларимизни мақтайми? Қайси бирини мақтай: пуллик бўлган “сити”ларни, ичида бактерияси бор музқаймоқни, одам уриб, ўлдириб кўрмагандек қилиб “ёпти-ёпти” қилаётган Ички ишлар ходимлариними, дарахтлар соясига беркиниб, соққа қилаётган “ГАИ”ларни, катта-катта фоизларда бўлса ҳам кредит бермайдиган банкларни, реклама баннерларини ағдараётган “ҳоким”ларни, журналистлар қамалишига панжа ортидан қараётган, калтакланса яраштириш ҳаракатида бўлган Ҳукуматни мақтайми?

Қачон бир бундоқ ёзилиб ўтирамиз, одамга ўхшаб, деган эди бир қўшним… Хуллас инсон қадри буюк бўлмаган юртда яшашда давом этамиз. Зеро, маддоҳлик қилиб, бировнинг ҳаққи эвазига эмас. Қоғозда эмас амалда!

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *